ДАРЁ ОҚИМЛАРИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ

Кўҳна Жайҳун неча асрлардан буён халқимизга ризқ улашиб, фаровонлик, тўкинлик манбаи сифатида хизмат қилиб келмоқда. Дарё бўйларига ташриф буюрган киши қалбида жўшқинлик ҳис қилади. Дарёдай тошқин қалб эса эгасига узоқ умр, бахтли турмуш ҳадя этади.

Сиз Амударё соҳилларида бўлганмисиз? Дарё бўйида дўстлар билан гурунглашиб, дийдор завқини туйганмисиз? Хўш, қўлбола ўчоққа ўрнатилган қозонда пишган димламанинг ҳиди димоғингизни қитиқлай бошладими? Ёки ўз қўлингиз билан тутган балиқдан қайнатилган шўрва тафтини ҳис қиляпсизми? Кун ботар маҳали рубоб ё гитара жўрлигида ёшликдаги суюкли қўшиқларни ҳиргойи қилишга нима дейсиз? Оёқяланг дарё соҳилларида одимларкансиз, она замин, мўътабар сув, дов-дарахтлар, умуман бутун борлиқ, коинот билан бир тану бир жон эканлигингизни ич-ичингиздан ҳис қиласиз ва бунинг билан ғурурланасиз. Хўш, юрагингиз ҳаприқа бошладими? Унда нимани кутяпсиз, зарур нарсаларни олинг-да, дарё томон ошиқинг. Ҳозир- ҳаво қизиган кунларда Амударё бўйларидек оромбахш гўшани тополмайсиз. Амударё қирғоғидаги дам олиш онлари ҳар томонлама ҳузурбахш ва фойдали бўлиши аниқ. Аввало, бу ҳудуд ҳавоси ниҳоятда соф, кислородга бой. Шаҳар ҳарорати 40-45 даражада бўлган кунларда ҳам дарё бўйларида салқин ҳаводан баҳраманд бўласиз. Айниқса, чет давлатлардан келган сайёҳлар учун нотаниш табиат тафтини ҳис қилиш жуда мароқли бўлиши шубҳасиз. Дарё ичида кема ёки яхталарда сузган кишини бор ғубори тарк этади. Сувдай соф ҳаёт тафтини туяди. Ён атроф гўзаллиги янада ёрқин намоён бўла бошлайди. Дарёда чўмилиш нафақат завқ бағишлайди, балки шифобахш бўлиб, турли хасталиклардан фориғ қилади.
Қолаверса, автотранспортда қирғоқ бўйлаб ястаниб ётган тўқайзор-ўрмонзорлар орқали Янгибозор туманидаги (“Бошқиртших”, “Чўполончи” қишлоқлари ҳудудидаги) 480 гектар табиий тўқайзорда ташкил қилинган “Табиат ёдгорлиги”гача сайр қилиш мумкин. “Табиат ёдгорлиги” минг йиллик тарихга эга бўлиб, табиатнинг барча жозибасини ўзида мужассамлаган. Бу ҳудуддан бир кунда чиқиб кета олмайсиз. Табиат ҳидини ҳис қилган ҳолда йўл юриб чарчасангиз, дарё бўйида ўтирасиз-да қармоқ ташлайсиз. Амударё балиғидай тотли балиқларни дунёнинг бошқа ҳеч ҳудудидан тополмайсиз. Буни сайёҳлар неча бор тан олишган. Балиқ димлама нафақат ширин, балки энг фойдали таомлардан бири. Умуман, балиқдан ўнлаб таомлар тайёрлаш мумкин. Бу пазандалик маҳоратингизга боғлиқ.
Кечқурун эса осмон тўла юлдузларга, сокин оқаётган дарёга, бетакрор дов-дарахтларга яна бир бор мафтун бўлганча, хаёл суришингиз, дўстларингиз билан мириқиб суҳбатлашишингиз мумкин. Шу тариқа тунни тонгга бедор улаганингизни сезмай қоласиз. Бедор тундан сўнг толиқаман деб хаёл қилманг. Тоза ҳавода бир пас мизғиб олсангиз ҳам, қониб уйғонасиз.
Иккинчи куни эса Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига саёҳат қилиш имконияти бор. 68 минг 717 гектар ҳудудда бир вақтнинг ўзида ҳам тоғ таровати, ҳам тўқай жозибаси, ҳам ўтмиш манзаралари билан танишиш имконияти мавжуд. Олдингиздан Хонгуллар чиқиб қолса, туядиган завқингизнинг чегараси йўқ. Маълумотларга қараганда, дунёда 2500 дан зиёд Бухоро буғуси бўлиб, шундан 1000 дан зиёди мана шу резерватда яшайди.
Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида табиат қўйнида дам олувчилар учун қулайлик яратиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда — хушманзара жойларда тунаб қолиш учун махсус юрталар барпо қилинмоқда, йўлсиз табиий ҳудудларда ҳаракатланишлари учун маҳаллий транспортлар — от, эшак, туялар ташкил қилинмоқда, дам олишни мароқли ўтказишлари учун барча қулайликларга, балиқ овлаш анжомларига, қайиқларга, сувда сузувчи скутер ва бошқа механизмларга эга бўлган ҳамда балиқлантирилган сув ҳавзалари ташкил қилинмоқда.
Албатта, туристларни жалб қилиш учун яна қатор тадбирларни уюштириш керак бўлади. Чет эл ёки маҳаллий сайёҳлар дам олишларини мароқли ўтказишлари учун Хоразм осмони бутун кун ва тун бўйи очиқ бўлишини эътиборга олиб, тунда самони кузатадиган мини телескоплар ўрнатиш, маданий хордиқ чиқаришлари учун фольклёр жамоаларини концерт дастурларини ташкил қилиш ва Хоразм миллий тадбирларидан “қўчқорлар жанг”гини ўтказиш мумкин. Шунингдек “Балиқ сайли” ўтказишнинг ҳам завқи ўзгача. Ҳар бир сайёҳ балиқ овлаш танловида қатнашиб, ўзи тутган балиқдан таом тайёрласа, қандай чиройли дастурхон тузиш мумкин. Бу тадбирларга фольклор жамоалари чиқишларини ҳам қўшилса, ўзбек миллий санъатининг жозибаси ҳар қандай нозик дид сайёҳни ҳам сеҳрлаб қўйиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, Амударё бўйидаги ҳордиқ ҳам мароқли, ҳам фойдали бўлиши аниқ. Фақат буни кенг амалга татбиқ қилиш учун юртдошларимиздан фидойилик, ташаббускорлик талаб қилинади. Ёш тадбиркорларимиз берилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудда экотуризмни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонамиз. Бу нафақат хорижлик сайёҳлар, маҳаллий аҳолининг ҳам дам олиш онларини мароқли ўтказишларида, табиат билан уйғунлигини ҳис қилишларида муҳим аҳамият касб этади. Амударё бўйларига оилавий саёҳатга чиқиш фарзандлар қалбида табиатга меҳр уйғотишга хизмат қилади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА