ТАБИАТНИНГ БИР ПАРЧАСИМИЗ, ЭГАСИ ЭМАС

Резерват нима?

2011 йилда “Бадай-тўқай” қўриқхонаси негизида ташкил қилинган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Беруний ҳамда Амударё туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, жами 68 минг 717 гектарни ташкил этади. Бу ерда Ўзбекистон “Қизил китоби” қаҳрамонларидан бир қанчасини учратиш мумкин.
Дарвоқе, резерват муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд ҳисобланиб, улар айни табиат ресурсларини сақлаб қолиш ва улардан барқарор фойдаланиш учун барпо этилади. Дунёдаги 120 мамлакатда 669 та биосфера резерватлари ташкил этилган. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Ўзбекистонда бундай тоифадаги дастлабки муҳофаза қилинадиган ҳудуд ҳисобланади.
Хонгулларга кўмак керак!

Бундан юз йил аввал Қорақалпоғистонда тўқайлар кўплиги каби Бухоро буғулари ҳам саноқсиз бўлган. Ўтган асрнинг 40-50- йилларида буғуларнинг гўшти ва терисидан кенг фойдаланилган. 60-йилларга бориб, хонгуллар бутунлай кўринмай қолган.
Уларни асраб қолиш мақсадида 1976 йилда бу ерга учта Бухоро буғуси келтирилиб, 8 гектарлик вольер ҳудуд ташкил қилинган. 1982 йилда эркин ҳудудга қўйиб юборилган пайтда уларнинг сони 32 бош эди. Ҳозирда улар 1000 бошга етиб қолган.
Дунё бўйлаб Бухоро буғуси атиги 2500 бошлигини инобатга олсак, бўлиб, резерватда Хонгулларни кўпайтириш учун жамоа қанчалик самарали меҳнат қилганлигини англаш қийин эмас. Қизил Китобга киритилган бу жонивор бошқа сайғоқ ва кийиклардан шохи ҳар йили мавсумда янгиланиши билан фарқланади.
Ҳозирда Бухоро буғусини сақлаб қолиш, кўпайтиришда айрим муаммолар юзага келган.
-Бу ерлар 300-350 бош буғу учун мўлжалланган. Шу боис хонгулларни “Назархон” участкасига кўчиришни бошлашимиз керак, – дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ақилбек Тореев. – Устига устак, сув тақчиллиги қўриқхоналар ҳудудида ўсимликлар камайишига сабаб бўлмоқда. Тўқайни насос ёрдамида суғориш зарурати бор. Буларнинг барчаси маблағ талаб қилади. Она табиатга, ўз келажагига бефарқ бўлмаган сармоядорлар кўмагига муҳтожмиз.
Лойиҳа нима беради?
Ҳозирда Амударё давлат биосфера резерватини 112 та мамлакатдаги 686 та биосфера резерватини ўз ичига қамраб олган ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғига киритиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу биорезерват фаолиятини муайян талабларга мувофиқлаштиришни тақозо қилади. Бундай чоралар «Амударё қуйи оқимларида экотизимга асосланган ердан фойдаланиш ва экотизимни сақлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
–2018 йил январда бошланган мазкур дастур 2020 йил июнга қадар давом этиши белгиланган. Мақсадимиз экотизимга асосланган ердан фойдаланишни ишлаб чиқиш ва қўллаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳудудий музокараларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тўқай ўрмонлари экотизимларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича жараёнларни режалаштириш ва амалга оширишдир, – дейди Германия Ҳамкорлик ташкилоти (GIZ)нинг лойиҳа бўйича маслаҳатчиси Муҳаббат Камолова.

Ва бошқа муаммолар

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига экосайёҳликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган қатор омиллар бор. Авваламбор, аҳоли бу ҳудуд ҳақида яхши билайди. Қулай инфратузилма яратилмаган. Ҳудудда Жампиққалъа тарихий қалъаси қолдиқлари бор. Ушбу қалъа ҳақида йўл бўйида белгилар қўйилса, у ҳақда кенгроқ маълумотлар берилса, йўловчиларнинг диққатини ўзига тортган бўларди.
Бир нарсани ёдда тутиш керакки, резерват муаммоларини ҳал қилиш фақат шу ерда ишловчиларнинг муаммоси эмас. У барчамизга дахлдор. Агар маҳаллий аҳоли йилда бир кунини шу ҳудуд билан танишишга сарфласа ҳам, қанча руҳий-маънавий озуқа олади. Асосийси, она табиатнинг бир парчаси эканлигини ҳис қилади.
Яна бир муаммо- резерватнинг шундоқ рўпарасида фаолият кўрсатаётган цемент заводидан чиқаётган тутун табиатга зарар етказмоқда. Бунга ҳам кўпчилик эътиборсиз қарамоқда.
Биз ўзимизни табиатга ҳукмрондек тутамиз, уни хоҳлаган кўйимизга солмоқчи бўламиз. Аслида биз табиатнинг заррасимиз. Фақат «она табиат» дея шеър битиб, кўкларга кўтариб мақташ орқали табиатга наф келтира олмаймиз. Уни қадрлашимиз, болаларимизга ҳам табиатни севишни ўргатишимиз зарур.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА.