НОҚОНУНИЙ ИШ — КЕЛТИРАР ТАШВИШ

Мамлакатимизда коронавирус касаллиги сабаб карантин эълон қилинди. Ушбу жараёнда деҳқон бозорларида, савдо марказларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксизлигини таъминлаш, нарх-навони сунъий ошиб кетишини олдини олиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси, вилоят Давлат солиқ хизмати органлари томонидан барча туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳ тузилди. Айни пайтда ишчи гуруҳ ходимлари томонидан бозорларда, савдо мажмуаларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур тиббий воситалар нархларининг сунъий оширилиши ва уларнинг олдини олиш бўйича мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 16 март куни ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси, вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан «Урганч марказий деҳқон бозори»да ноқонуний равишда, ҳеч қандай ҳужжатларсиз картошка, сабзи, пиёз, товуқ гўшти сотаётган сохта тадбиркорларнинг савдосига барҳам берилди. Уларнинг давлат рўйхатидан ўтмагани етмагандек, бозорнинг савдо қоидаларини менсимасдан картошка, пиёз, сабзи, турп каби маҳсулотларни қиммат нархларда сотаётганлиги аниқланди.  Мониторинг жараёнида ушбу фуқароларга профилактик суҳбатлар ўтказилди ва аниқланган ноқонуний ҳаракатлар юзасидан ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилди.

Жаҳонгир САПАЕВ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори