ХОРАЗМДА ОЗИҚ-ОВҚАТ КАРВОНИ ЙЎЛГА ЧИҚДИ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси, маҳаллий ҳокимликлар, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан карантин вазиятида аҳолига қулайлик яратиш, уйдан узоққа бормай харидларни амалга оширишини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ташаббуси билан Урганч шаҳрининг «Умид» маҳалласида ташкил этилган кўчма савдо ярмаркасида фуқароларга 800 кг картошка, 500 кг пиёз, 300 кг сабзи, 400 кг ун, 200 литрдан зиёд ўсимлик ёғи ҳамда тухум, макарон, карам, балиқ каби бошқа маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда сотилди. Эндиликда, ушбу маҳалла аҳолиси бозорга боришига зарурат қолмади.
Шу куннинг ўзида маҳалла яшовчи тадбиркорлар ва блогерлар томонидан 100 дан ортиқ хонадонларга хайрия эҳсонлари ҳам улашилди.
Урганч марказий деҳқон бозоридан узоқ масофада жойлашган «Байналмилалчи» маҳалласи ва Наврўз шаҳарчаси аҳолисига ҳам рўзғор учун зарур 10дан ортиқ турдаги маҳсулотлар кўчма савдо ярмаркалари орқали арзон нархларда етказиб берилди.
Ярмаркаларда фуқаролар гўшт, ёғ, картошка, пиёз, тухум, ун, карам, памидор, нон, балиқ, қатиқ, қаймоқ ва бошқа маҳсулотларни ҳамда зарур дори-дармон воситаларини арзон нархларда сотиб олиш имконига эга бўлишди.
Департамент, солиқ ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Эндиликда департамент ва прокуратура органлари томонидан барча маҳаллаларда турғун савдо дўконлари ва кўчма савдо ярмаркаларининг фаолияти, озиқ-овқат узлуксизлигини таъминлаш ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш ишлари қатъий назоратга олинади.

Жаҳонгир САПАЕВ 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори