Сохта «тадбиркор» фаолияти чек қўйилди

Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда фуқаро Cобир Хасановнинг (фуқаронинг исми ўзгартирилган) Самарқанд вилоятидан ноқонуний равишда дори-дармон воситаларини вилоятга олиб келиб, олди-сотди ишларини амалга ошираётганлиги аниқланди.

Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган ўрганишлар давомида Cобир Хасанов (ҳуқуқбузарнинг исми ўзгартирилган) ушбу ноқонуний савдо фаолиятини Урганч тумани, Ғойбу қишлоғи, Мутавалли маҳалласида янгидан қурилган намунавий ҳовли-жойларнинг бирида амалга ошириб келаётгани маълум бўлди.

Яъни мазкур хонадоннинг 3 та хонаси дори-дармон воситаларини сақлашга мўлжалланган шахсий омборхонага айлантирилган бўлиб, сохта тадбиркорлик йўлини танлаган фуқаро ўз фаолияти юзасидан давлат рўйхатидан ўтмасдан, давлатга солиқ тўловларини тўлашдан қочишга ҳаракат қилган ҳамда бирон маротаба солиқ тўловларини амалга оширмаган.

-ўтказилган тезкор рейд тадбирида ушбу хонадонда 459 турдаги 568,0 млн. сўмдан ортиқ кирим ҳужжати ва сифат сертификати бўлмаган дори-дармон воситалари мавжудлиги аниқланди ва уларнинг барчаси далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди. Ўрганишлар давомида дори-дармон воситалари ичида яроқлилик муддати эскирган 14 та дори воситалари ҳам борлиги маълум бўлди, — дейди вилоят давлат солик бошкармаси булим бошлиги Рахимберган Эшчанов.

Мўмай даромад эвазига инсонлар соғлиғини тахликага қўйган сохта тадбиркорнинг бу каби қинғир ҳаракатлари эвазига қанчадан-қанча оилалар азият чекиши, нуроний отахонлар, кекса ёшли онахонлар, ёш болали аёллар ёки эндигина эмаклай бошлаган болажонларимизнинг ҳаётини ҳавф остида қолиши мумкин эди.

Айни кунда Юртбошимиз томонидан халқимиз саломатлиги, фуқароларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилаётган эътибор, барча ҳудудларда инсон манфаалари – олий қадрият тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, тиббиёт, тадбиркорлик, фармацевтика соҳаларани янада ривожлантириш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг амалий ижросини таъминлаш жараёнида айрим сохта тадбиркорларнинг бугунги ҳаракатларини кўриб, ҳайратланасан киши.

Шу ўринда ҳар бир элдошимизнинг ҳаёлидан наҳотки айрим фирибгарлар учун мўмай даромад топиш, моддий бойлик орттириш ўз она Ватанида бирга яшаб, бир осмон остида ҳаёт кечираётган юртдошларимиз тақдири, жамият келажаги, инсонлар саломатлигидан ҳам устун турса деган фикр ўтади. Бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар эгаси, албатта, қонун доирасида жавоб беради.

Хусусан, вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор рейд тадбирида тузилган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди. Ушбу ноқонуний фаолият юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алокалар ва хукукий ахборот булими