ҲУҚУҚИЙ ТАЪСИР ЧОРАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Бугунги кунда дунёдаги қалтис эпидемик вазият туфайли Ўзбекистонда коронавирус инфексияси тарқалишининг олдини олиш борасида Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Биринчидан, 2020 йил 31 декабрга қадар товарларни олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгилан товарлар рўйхати тасдиқланди.
Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши назарда тутилиб, жорий йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилиши белгиланди.
Иккинчидан, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар қуйидагилар белгиланди:
а) туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК:
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди;
б) товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга;
в) фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.
Учинчидан, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди:
— маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;
— ижтимоий солиқ бўйича — уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.
Тўртинчидан, жорий йилнинг охирига қадар спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан вино ва пиво учун акциз солиғи, шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақланиб қолиниши ҳамда 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилиши назарда тутилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармони ижроси доирасида юридик шахсларнинг кредитлари бўйича 7,9 трлн сўм ҳажмдаги қарздорлиги кечиктирилган, Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда коронавирусга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар ва иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келган ташкилотларнинг кредитлари бўйича қўшимча реструктуризация қилинадиган тўловлар ҳажми қўшимча равишда 7 трлн сўмни, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан
2020 йилнинг навбатдаги 6 ойи мобайнида сўндирилиши лозим бўлган кредитлар бўйича муддати узайтириладиган тўловлар ҳажми 4,7 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қуйидагилар учун шарт-шароитлар яратиш ва тартиб-таомилларни соддалаштириш чораларини кўриш белгиланди:
— ижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш;
— амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик.
— Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси кечиктириш тақдим этилган даврда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди.
Олтинчидан, 2020 йил 1 октябрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳалар сонидан қатъи назар, ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик, тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилади, Битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинади.
Еттинчидан, мазкур Фармонга асосан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилади;
• мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилади;
• акционерларнинг 2019 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилишларини 2020 йил 1 октябргача муддатда, шунингдек, видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилади;
• активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича талаб 2020 йил якунлари бўйича киритилади;
• карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилади.
• 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилади;
• йил якунига қадар қарз берувчига фоиз шаклида даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариб бериладиган молиявий кўмак) тақдим этилганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси (асосий ставка) асосида аниқланадиган даромад айланмадан олинадиган солиқ ҳамда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди ва ўз навбатида солиққа тортилмайди;
• карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади;
• фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу солиқни тўловчилар 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга. Солиқ тўловчилар томонидан мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда давлат солиқ хизмати органларига фойда солиғи бўйича аванс тўловлар тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилади;
• 2020 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларни солиқ солишдан бўшаган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шартларисиз қўллайди.
• коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача муддатга божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
• коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайди.
Жорий йилнинг 3-апрел куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида видеоселектор йиғилишида, Юртбошимиз ўзбек халқига мурожаат қилди:
Муҳтарам ватандошлар:
Ишонтириб айтаманки,коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир Ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз. Айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи,миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфексия ишларини мунтазам давом эттириш лозим. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар хафтада ўз ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриши лозим деб таъкидлади.
Шунингдек, Президентимиз бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг,бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” деб мурожаат йўллади.
Юртимизда карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказилиб берилмоқда. Бугунги кунда пандемияни тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори бизнинг давлатимиз ҳам жиддий изланмоқда. Одамларимизни даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун давлатимиз барча зарур режаларни амалга оширмоқда.
Зероки, Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди. Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин.

Расулбек ИБРАГИМОВ

Янгиариқ туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси