ДАЛАДАН — ДАСТУРХОНГА

Карантин шароитида бозорларда имкон қадар аҳоли тўпланишининг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан «Даладан — дастурхонга» тамойили асосида деҳқон бозорларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда хусусан, аҳоли уйларига яқин ҳудудларда кўчма бозорлар ташкил этилмоқда.
Кўчма бозорларда аҳолига кундалик ўттизга яқин турдаги зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда етказиб берилмоқда. Бунда нарх-навонинг сунъий ўсишининг ҳам олди олиняпти. Шунингдек, кўчма бозорларда аҳолининг ўз томорқасида етиштирилган кўчатлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг харидига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан жорий йил апрель ойининг ўтган 15 куни давомида прокуратура органлари томонидан ишлаб чиқилган йўл хариталари асосида 58 та маҳаллаларга 12 та ташкилий гуруҳлар бириктилди. Ушбу маҳаллаларда 250 та турғун савдо дўконлари ва 92та кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилди. Ҳудудларда ташкил этилган кўчма савдо ярмаркаларига 42 та таъминотчи гуруҳлар орқали озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етказиб берилиши таъминланди. Хусусан, 90 тонна картошка, 54 тонна пиёз, 98 тонна гўшт, 700 минг дона тухум, 1890 тонна ун, 128 тонна гуруч, 170 тонна сабзи, помидор 82 тонна, бодринг 36 тонна, 28 тонна макарон махсулотлари, 22 тонна ёғ, 80 тонна товуқ гўшти, 38 тонна балиқ маҳсулотларининг аҳолига арзонлаштирилган нархларда сотилиши таъминланди.
Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз.
Фақат заруратга кўра кўчага чиқинг, одамлар билан оралиқ масофани сақланг, санитария-гигиена талабларига риоя этинг ва бу билан ўзингиз ҳамда яқинларингиз саломатлигини асранг!

Ғайратжон СУЛТОНОВ
Бош прокуратура ҳузуридаги
Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи