300 АҚШ ДОЛЛАРИ БИЛАН УШЛАНДИ

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хива шаҳар бўлими ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Унда Хоразм вилояти “Ер мулк кадастр” ДК Урганч шаҳар филиали мутахассиси Ю.М., фуқаро Б.П.нинг ишончига кириб, юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали унинг Хива шаҳрида жойлашган нотурар биноси ҳужжатларини турар жой сифатида расмийлаштириб бериши эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилиб, 300 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, Хонқа тумани, Қирқёп қишлоғи, “Пахтакор” маҳалласида яшовчи фуқаро С.Н. ўзи яшайдиган “Пахтакор” маҳалласи ҳудудида жойлашган, қишлоқ хўжалик ер харитасининг 641 контуридаги, аҳоли пункти ерлари тоифасига кирмайдиган ва ўзи томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олиниб, фойдаланиб келинаётган, ўзига тегишли бўлмаган 0,12 гa ер майдонини, ўзига тегишли ер майдони сифатида кўрсатиб, фуқаро Ш.М.нинг ишончига кириб, унга турар жой қуриш учун ер участкаси сифатида туман кадастр бўлимидаги танишлари орқали расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, алдаб ишончини суиистеъмол қилиб, ўзганинг мулкини, 168,0 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу келишилган пуллардан 100,0 млн сўм пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур жиноий ҳаракатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилди.

 

Жаҳонгир САПАЕВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси
катта инспектори