ҲАВОДАН ПУЛ ҚИЛИШ “САНЪАТИ”

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни, хусусан ҳали ҳам эски одат ва қарашларидан қутила олмаётган айрим товламачи ва таъмагир мансабдор шахсларнинг қинғир ишларини фош этиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирларда ҳудудларда ер майдони ва биноларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга чек қўйилмоқда. Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда ана шундай жиноий иш фош этилди.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деган гап бор. Бироқ бу бировнинг меҳнатига эвазига топилган пулларни осонгина шерик бўл дегани эмас. “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” АЖ ҳуқуқшуноси А.Р. ҳам қорни ёндириб, ҳаводан мўмай пул қилиш режасини тузади.
У жамият ҳудудида янги савдо комплекси қурилиши ҳақидаги ёлғон гаплари билан тумандаги хусусий тадбиркорни Т.Н.ни ишончига киришга улгуради. Унга гўёки ёрдам қўлини чўзга бўлиб, янги қуриладиган савдо комплексидан 5 та дўкон олиб беришни ваъда қилади ва ҳар бир дўкон учун 3000 АҚШ доллари миқдорида миқдорида “шапка” сўрайди.
Мазкур масала юзасидан тадбиркор Т.Н.ни Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлимига мурожаат қилади. Унга асосан ўтказилган тезкор тадбирда ҳуқуқшунос А.Р. тадбиркор Т.Н.дан 15000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Одамзод баъзан ўйламай қўйган бир қадами туфайли йиллар давомида орттирган обрўсидан айрилиши ҳеч гап эмас. Юқорида номи тилга олинган ҳуқуқшунос ҳам йиллар давомида нуфузли ташкилотларда ишлаб келган. У таниш-билишлари, жамоаси орасида ўз ўрнига, ҳурматига эга мутахассислар бири бўлган. Бироқ, унинг охирини ўйламай қилган хатолари жиноятга етаклади.
Қилмиш қидирмиш деганларидек, ҳозирда ушбу жиноий ҳаракат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда.

Ж.Сапаев

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти вилоят бошқармаси катта инспектори