Аҳолининг бандлиги – секторлар эътиборида

Хоразм вилояти тўртинчи сектори, вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Қўшқўпир ва Хива туманларида бўш иш ўринлар ярмаркаси ташкил этилди.

Хоразм вилояти  ва туман ҳокимликлари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур тадбирнинг очилишида янги иш ўринларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди.

Айни кунда вилоятнинг тўртинчи секторига қарашли ҳудудларда секторлар фаолиятини ҳар томонлама намунали ташкил этишда ҳамжиҳатликда иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда уй-жой, коммунал хизмат, табиий ва суюлтирилган газ,ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ва транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлик масаласи, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, куз-қиш ва қиш-баҳор мавсумига тайёргарлик каби бир қатор масалаларда мавжуд муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан вилоят давлат солиқ бошқармасига Қўшкўпир туманининг 50 та, Хива туманининг 29 та ҳамда Хива шаҳрининг 21 та маҳалласи бириктилган бўлиб, ушбу ҳудудларда туман ҳокими, прокурори, ички ишлар ва солиқ хизмати органи раҳбарларидан иборат 9 та ишчи гуруҳ фаолияти тизимли йўлга қўйилган.

Ушбу ҳудудларда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айниқса  ишсиз фуқаролар, уюшмаган ёшлар, чет давлатда ишлаб қайтган  вақтинча ишсиз юрган ҳамда жазодан озод этилган шахсларни бандлигини таьминлаш мақсадида ўтказилаган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшлар учун янги имкониятлар эшиги очди.

Бундан 4 йил олдин Хива туман тиббиёт коллежини тугатганман. Бугунги кунга қадар бир неча жойларга иш сўраб мурожаат қилдим, лекин амалий натижага эришолмадим. Вилоят раҳбарларининг ташаббуси билан туманимизда ташкил этилган мазкур ярмаркада тумандаги 40-сонли ўрта мактабга ҳамшира бўлиб ишга жойлашдим. Бу каби тадбирлар биз ёшларга жуда катта ёрдам беришига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Менинг тақдирим билан қизиққан юртбошимизга ҳамда иш билан таъминлашда амалий ёрдамини аямаган барча инсонларга оиламиз номидан миннатдорчилигимни билдираман, — дейди қўшкўпирлик Ибода Қутлиева .

Меҳнат ярмаркасида Қўшкўпир ва Хива туманлари ҳамда Хива шаҳрида фаолият юритб келаётган 165 та корхона ва ташкилотлар 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. Шунингдек, мазкур ярмаркада касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ишсиз юрган фуқаролар ҳамда уюшмаган ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда амалий ёрдам кўрсатиш, уларга ўз бизнесларини ташкил этишда кенг имкониятлар яратиб бериш учун вилоятдаги тижорат банклари ҳам фаол иштирок этдилар.

— Кейинги йилларда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, — дейди вилоят тўртинчи сектори раҳбари, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темуров. – Айниқса, менга бириктирилган ҳудудларда бўш иш ўринлари ярмаркасининг ташкил этилиши қишлоқ ёшларига катта амалий ёрдам бермоқда. Бундан ташқари вилоят 4-секторига бириктирилган жами 100 та маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриб, энг қуйи бўғин – қишлоқлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш, туман ва вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлашга эришилмоқда. Натижада жуда кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший, меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, тадбиркорлик субъектларида мавжуд муаммоларга ечим топиш ҳамда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун озиқ-овқат маҳсулотларини заҳира қилиш, аҳолини суюлтирилган газ баллонлари ва кўмир билан таъминлаш масалалари бевосита маҳаллаларнинг ўзида ҳал этилиши таъминланмоқда.

Ярмаркага ташриф буюрганларнинг асосий қисмини касб-ҳунар коллежи битирувлари, ишсиз фуқаролар, жазодан озод этилган шахслар ҳамда вақтинча чет давлатларида ишлаб қайтган ёшларни ташкил этди. Улар орасида  хивалик ёшлардан Муҳаммад Мирзаев ҳам бор.

— Маълумоти ўрта махсус. Икки йил олдин коллежни тугатганман. Мустақил иш излаб, мутахассислигим бўйича иш топа олмаганлигим сабабли бошқа чет давлатларига бориб ишлаб қайтдим.  Бугунги меҳнат ярмаркасида тумандаги умумий овқатланиш шаҳобчаларидан бирига ишга йўлланма олдим. Ўзим қатори ёш мутахассисларга яратилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, барча ташкилотчиларга раҳмат дейман. Янги иш фаолиятимда бор билим ва меҳнатим билан ишлашга, жамоада ўз ўрнимга эга малакали мутахассис бўлишга ҳаракат қиламан,- дейди, М.Мирзаев.

Тадбир иштирокчиларга меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатлари ҳақида, тадбиркорлик ва касаначилик фаолияти, хунармандлар ва уларга “Устоз-шогирд” асосида ёлланиш тартиблари, солиқ қонунчилиги, бизнес ғоялар, мини технологиялар, бўш ва ижарага таклиф қилинаётган бинолар, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, тижорат банклари хизматлари ва таклиф қилинаётган кредитлар каби бир қатор масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб, кўзгазмали қўлланмалар тарқатилди.

Меҳнат ярмаркаси натижаларига кўра, иштирокчилардан 63 нафарига доимий иш ўрнига жойлашишлари учун йўлланмалар берилди, 40 нафар иш изловчилар касбий маҳоратларини ошириш учун касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди ҳамда 300 нафарга яқин коллеж битирувчилари ўз мутахассисликлари бўйича керакли маслаҳатларни олишди.

Вилоят тўртинчи сектори томонидан ҳамкор ташкилотлар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари билан аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, хусусан, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш, ҳунармандчиликка ва якка тадбиркорликка ёллаш, касаначиликни янада ривожлантириш хусусида қилинадиган ишлар келишиб олинди.

Бўш иш ўринлари ярмаркасида Хоразм вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Сапаев иштирок этди ва сўзга чиқди.