ТЎЙЛАР ҲАҚИДА “ДАБДАБАЛИ” ЎЙЛАР…

Кексаларимиз, ёши улуғ ота-оналаримиз ҳар доим дуога қўл очганларида: топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин, — дея улуғ ният қиладилар.

Тўй. Бу сўзнинг замирида халқимизнинг энг ширин орзу-умидлари, миллий қадриятларимиз мужассам. Ўзбек ҳалқи учун бу сўз азиз, шу сўз билан боғлиқ умидлар, ишонч ва қатъиятлар муқаддас. Шунинг учун ҳам  муқаддаски, айнан шу куни ота-она ўз фарзандининг камолига, орзу-ҳавасига етишади. Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларимизни шу куни – тўйда киямиз. Меҳмонлар қадамига жонлик сўйилиб, ширин таомлар пиширилади, шу қутлуғ кунга атаб янги уй жиҳозлари сотиб олинади, уйларимизга янги гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй куни жамики эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади.

Лекин тан олиш керакки, кейинги пайтларда тўйларимизни ўтказишда янгида-янги “одатлар” кўпайиб бормоқда. Яқин-яқинларгача вилоятимизда келин тўйлари бошқа ҳудудларга қараганда файзли, ибрат тамойиллари асосида ўтказиларди. Ортиқча дабдабаларсиз, овоз кучайтиргичларсиз, қудаларнинг келишувлари асосида ўтган тўйлардан олам-олам таассуротлар қоларди қалбимизда. Айниқса тўйдан бир кун олдин ўтказиладиган қиз йиғинлари худди Абдулла Қодирий тасвирлаган Кумушбибининг қиз йиғинига монанд бўларди. Келиннинг дугоналари йиғилиб, қўлларига хина қўйишарди, рақсга тушиб, қўшиқ ва лапарлар, айтишувлар айтиб, шеърхонликлар қилишарди. Бундай тўйларни катта ёшдаги онахонларимиз, акахонларимиз ҳамон соғинч билан эслайдилар. Боиси, чиройли ўтган бундай тўйлар улар учун ўз умрларининг гўзал манзилига айланиб, хотира кўзгусида нурафшон кун сифатида муҳрланиб қолган. Бугунги тўйларимиз-чи? Бугунги тўйларимиз отчопарда от сураётган чавандозларнинг пойгасини эслатмайдими? Афсуски, бугунги тўйларимизда кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар одат тусига айланмоқда. Асосан барчамиз учун оддий нарсадек туюладиган тўйга санъаткор чорлаш масаласи аслида бугунги тўйларимиздаги энг долзарб масалалардан бири саналади. Нега десангиз, бир неча йиллаб тўйига тайёргарлик кўрган одам ўз хонадонида ўтказиладиган тантанани ўзига маъқул ва мақбул кунга белгилаш имкониятидан маҳрум. Ҳа, худди шундай! Тўй кунини тўйга таклиф қилинадиган санъаткор “белгилайди”. Санъаткорнинг бўш вақтларидан келиб чиқиб тўй куни  белгиланади. Таассуфлар бўлсинки, баъзан санъаткорнинг жавобини, тўғрироғи, “бўш куни”ни кутиб, режа қилинган тўй вақти бир-икки кунга, ҳатто бир ҳафтага чўзилиб кетади. Тўй эгаси: “бор-ей”, деб тўйига бошқа санъаткорни чорлай олмайди. Сабаби, бошқалари ҳам “банд бўлишади” ёки ёшлар элда “юриб тургани”дан бошқасини хоҳлашмайди. Тўй эса истанг-истаманг санъаткор белгилаган кунгача сурилаверади, тўй эгаси санъаткорнинг жавобини кутаверади. Санъаткор эса озгина нафсини тийиб, тўйчини хурсанд қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Бу ҳам майли, фалон минг сўм пул эвазига, ўз  “қадрини ошириб” тўй кунини ўзи белгилаб, хизматга бел боғлаган санъаткорнинг ҳеч жонини қийнамай, “тоққа чиқмай дўлана териб” кетишига нима дейсиз? Қўшиқларни бемалол фонограмма орқали “ижро этиб”, даврани “қасир-қусур”, “банг-бунг”, “гуп-гуп”ларга тўлдириб берган санъаткорнинг аудио тасмадан нима фарқи бор?

Тўйларимиздаги яна бир кўнгилни хира қиладиган нарса бу – ёшларимизнинг “тўй сайри” маросимидир. Аввало шуни минг истиҳола билан айтмоқчимизки, ёшларимиз томонидан “гулянка” деб аталаётган бу маросим ҳаётимизга қандай кириб келгани ҳақида ҳеч ким аниқ бир фикр айта олмайди.

Хўш, бундай маросим аввал ҳам тўйларимизда бор эдими ёки европача тўйларга тақлидан пайдо бўлганми?

Кекса авлод вакилларининг эътироф этишларича бундай маросим аввал ҳам бўлган, лекин бошқачароқ, ҳатто яқин-яқинларда ҳам бу чиройли удум никоҳ тўйларимизга ўзгача файз, ёш-у қарига бирдай хушнудлик бағишлаган. Бу маросим ҳозирги кўринишдан мутлақо бошқача, миллий урф-одатларга мос равишда бўлган. Яъни, авваллари келин аравада, кейинчалик машинада янгалари ва дугоналари қуршовида узатиб борилган. Йўл  бўйи бахт ва муҳаббатни, гўзал ҳаётни мадҳ этувчи қўшиқ ва лапарлар куйланган.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, агар бугунги тўйларимизда ёшларимиз “гулянка” деб аташаётган маросимни юқоридаги каби тўй сайли дейдиган бўлсак, бу “сайл”нинг турган-битгани ғалвадан бошқа нарса эмас. Сабаби мана шу сайл учун киёв томон  келиннинг дугоналари учун камида уч-тўртта сўнгги русумдаги замонавий машина билан таъминлаши шарт. Агар киёв машина гаплашиб беролмаса, янги ҳаёт остонасида турган келин-куёвнинг тўйолоди маш-машаси ҳаммага “ўрнак” бўлар даражада овоза бўлади.

Яқинда ишдан кейин уйга қайтаётиб, шаҳарнинг марказий йўлида қаторига келаётган машиналарни кўриб, ҳайратландим. Сабаби, келин-куёвнинг “гулянка”сида 10-12 та ҳашаматли машиналарга иккита бир хил қора рангли мотокцикл бошчилик қилиб келмоқда. Бош-оёқ қоп-қора кийинган ва қора мотоцикллар билан орқадаги қатор машиналарнинг чироқлари ёниб-ўчиб туришини кўрган одамнинг ҳаёлига тинчлик бўлсин деган ният келади. Мазкур ортиқча “одат” ларнинг ҳар бир дақиқаси учун тўй эгаси яхшигина ҳаражат қилмоқда.  Лекин мана шу “гулянка”лар орқасидан бесабаб жанжаллашишлар, бир-бировни менсимаслик, исрофгарчилик ва автоҳалокатлар содир бўлмаяпди деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Роза Нуниёзова, 70 ёшда, Хива тумани, меҳнат фахрийси: – Доно халқимизда “Эр – шоҳ, аёл – вазир”, деган ажойиб нақл бор. Ҳар бир оилада ўтадиган тўйнинг ихчам, миллий маънавиятимизга мос тарзда бўлиши ана шу шоҳ ва вазирнинг оқиллик, донолик билан тўғри қарор қабул қилишларига боғлиқ. Агар улар бировлардан ўзини устун қўйиб, ўзбошимчалик билан тўй қилса, исрофгарчиликка олиб келади. Исрофгарчилик ношукрликдан келиб чиқади. Бу эса оиладаги баракани йўқотади. Инсон бахтини бир кунлик тўй белгилаб бермайди, аслида. Бахт моддий бойликка бўлган нафсни жиловлай билиш ва эр-хотиннинг аҳиллиги, меҳр-оқибатидадир. Оила бошлиқлари бу борада маҳалла маслаҳатчилари, кўпни кўрган ёши улуғ инсонлар  билан маслаҳатлашиб иш қилишлари лозим.

Барчамиз яхши биламиз, давлатимиз томонидан қабулқилинаётган муғим ҳуқуқий ҳужжатларда тўй, маросимларни тартибли, ортиқча чиқим ва дабдабаларсиз ўтказиш, атрофдаги одамлар ҳол-аҳволини ҳисобга олиш, ўзини кўз-кўз қилиш, шухратпарастлик ва манманлик ҳолатларига барҳам бериш борасида зарур қоидалар, йўл-йўриқлар кўрсатилиб, вазифалар белгилаб берилган. Бироқ ҳали ҳам бундай маросимларга ўзича янги-янги “замонавий қоидалар”ни “ислоҳ” қилиб, урфга киритаётган айрим “уддабурон” оилаларнинг хатти-ҳаракатлари кишини ўйга толдиради. Бундай ҳашамдор тўйларни кимдир маъқулласа, яна кимдир бу баъзиларнинг манманлиги, шуҳратпарастлиги, бойлигини эл олдида кўз-кўз қилиши, миллий қадриятларимизни менсимаслиги дея баҳоламоқда.

Табассум Маликова, 72 ёшда, фахрий ўқитувчи: – Кейинги йилларда миллий тўйларимизга хос удумларимиз ўрнини янгича кўринишдаги расм-русумлар эгалламоқда. Масалан, айрим тўйларимизда замонавий ва ҳашамдор машиналарининг шовқин билан кириб келаётганини кўриб, ажабланасан киши. Уларнинг сони 10-15 тагача етаяпти. Эшитишимча, бу машиналар ҳар бири 2-3 соатлик хизмати учун тўй эгасидан 100-150 долларгача пул олар экан. Бу дабдаба учун беш-олтита одамдан қарз олиб, сўнг уни узаман дегунча, кўнгилсиз ҳолатларга тушаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, айрим тўйларда келиннинг очиқ-сочиқ кийим билан даврага чиқиб келиши кўпчиликнинг ғашини келтиради. Келиннинг бундай кийинишларига нима учун унинг жуфти ҳалоли бўлмиш куёв тўра эътиборсиз қарар экан? Ахир, биз ўзбекона ғурури, ор-номуси кучли бўлган миллат фарзандларимиз-ку! Минг афсуски, айрим ота-оналаримиз умри давомида кафтида авайлаб ўстирганқизини бундай “замонавий” ҳолда даврага чиқишига йўл очиб бермоқда. Бунинг натижасида, ким ўзарга нархлари баланд ва миллийлигимизга мос келмайдиган келин либосларининг бозори чаққонлашган.

— Ёшлигимда маҳалламизда, қариндошларимизда ёки ўз хонадонимизда  ўтказиладиган тўйларни бугун намуна ўрнида эслаган бўлар эдим, — дейди меҳнат фахрийси Муҳаббат она Шарипова –  Бундан 20-25 йил олдинги тўйларимиз камҳарж, ихчам ва нуронийлар маслаҳати, дуоси билан ўтказилар эди. Айниқса, ёз кунлари кўчада ўтказиладиган тўйларда санъаткорларимиз жонли овозда тўй даврасини айланиб ашула куйлашар эди. Лекин, минг афсуски, бугунги тўйларимизда кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар одат тусига айланмоқда. Асосан тўйга санъаткор чорлашмасаласи бир ташвиш бўлса, тўйхоналардаги фонограмма қўшиқларининг “дуп-дуп”и яна бир муаммо. Охирги 10 йилликкача тўйларда хизмат қиладиган созандалар фаолиятида “договор” деган ибора ишлатилмаган. Лекин бугунги санъаткорларимизда тўйларда хизмат қилиш учун олдиндан белгилаш, “договор” пули ва ҳакозо каби қўштирноқ ичидаги одатлар оммалашган.

Бугун вилоятимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам замонавий қиёфадаги тўйхоналарни кўриб кўзимиз қувнайди. Кези келганда ёзда иссиқдан, қишда совуқдан қийналмасдан бемалол элга дастурхон ёзиб тўй қилиш ҳам истиқлол шарофати, тинчлик туҳфаси дея эътироф этасан киши. Лекин янгидан барпо этилаётган тўйхоналарнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмас. Яъни тўйхоналар биносини барпо этиш жараёнида акустика жойини тўғри танлаш, тўй залини шовқинга бардошлиги, овоз ютишга чидамлилиги каби асосий талаблар эътибордан четда қолмоқда. Бундай эътиборсизликлар оқибатида санъаткорларнинг катта-катта овоз кучайтиргич мосламалари билан ҳоҳлаганча баланд овозда қўшиқ куйлаши тўйга ташриф буюрган меҳмонларни дилини хира қилмоқда.

Ҳалқимизда “ҳар нарсанинг меъёри яхши” деган нақл бежизга айтилмаган. Бугун йиллар давомида тўй қиламан деб орзу-ҳаваслар билан йиғиб терганларимизни ортиқча ташвишу, кўнгил хираликларга  сарфламаяпмизмикан?… Масаланинг энг оғриқли томонида шундаки, ортиқча шовқин туфайли қулоқ пардасида оғриқ белгиси пайдо бўлиши, организмнинг эшитиш функцияси вақтинчалик ёки доимий бузилиши мумкин. Бунинг натижасида одам сўзларни яхши қабул қила олмаслиги, ўз фикрини бошқаларга тушунтира олмаслиги, уйқу бузилиши, ҳаёл қочиб безовта бўлиш, асаб тизимига жиддий зарар етиши ҳамда ишчанлик қобилиятининг пасайиши каби салбий ҳолатлар келиб чиқади.

Тўйларимиздаги яна бир кўнгилни хира қиладиган нарса бу – ёшларимизнинг “тўй сайри” маросимидир. Аввало шуни минг истиҳола билан айтмоқчимизки, ёшларимиз томонидан “гулянка” деб аталаётган бу маросим ҳаётимизга қандай кириб келгани ҳақида ҳеч ким аниқ бир фикр айта олмайди.

Хўш, бундай маросим аввал ҳам тўйларимизда бор эдими ёки европача тўйларга тақлидан пайдо бўлганми?

Кекса авлод вакилларининг эътироф этишларича бундай маросим аввал ҳам бўлган, лекин бошқачароқ, ҳатто яқин-яқинларда ҳам бу чиройли удум никоҳ тўйларимизга ўзгача файз, ёш-у қарига бирдай хушнудлик бағишлаган. Бу маросим ҳозирги кўринишдан мутлақо бошқача, миллий урф-одатларга мос равишда бўлган. Яъни, авваллари келин аравада, кейинчалик машинада янгалари ва дугоналари қуршовида узатиб борилган. Йўл  бўйи бахт ва муҳаббатни, гўзал ҳаётни мадҳ этувчи қўшиқ ва лапарлар куйланган.

Биз юқорида тилга олган тўй “одат”ларини олдини олишда  маҳалла раислари, диний, маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилар ва маҳалладаги отинойилар шулар ҳақида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди…

Халқимизда “Етти ўлчаб, бир кес” деган ибратли нақл бежизга айтилмаган. Ҳар бир хонадон эгаси аввало, дабдабабозликдан қочиб, ихчам, чиройли тўй ўтказишни мақсад қилса, нур устига аъло нур бўларди. Асосийси, тўй арафасидаги ва ундан кейинги муаммолар, машмашалар камаярди….

Тўй – инсоният билан бирга туғилиб, миллион йиллар давомида сайқалланиб, шаклланган маънавий ёдгорлигимиз. Бу табаррук маънавий қадриятимиз билан боғлиқ удумлар ва тутумларни ўзимизга мос,оиламиз иқтисодига муносиб тарзда ўтказсак, аввало кўнглимиз обод бўлади. Кўнгилдаги ободлик – оила, маҳалла, она Ватан ободлигига тимсол. Қолаверса, ҳар жиҳатдан яққол намоён бўлғуси ободликда юксак маънавият акс этиб туради. Шундай экан, улғайиб келаётган ёш авлодга миллий урф-одатларимизни асраш, тўйларимизни қадриятларга таянган ҳолда ўтказиш ҳамда ота-боболаримиздан қолган бой меросни намоён этишни ўргатиб борайлик.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА,

журналист