ХОРАЗМ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХАЛҚАРО ТУРК ДУНЁСИ ФЕСТИВАЛИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг дастури бўйича Каппадокия ҳудудидаги Невшеҳир вилоятининг Ортаҳисар тумани марказида туркий тилли мамлакатларнинг маданий меросига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари ўринбосари Санжар Мулозимўғли, Ортаҳисар тумани ҳокими (Belediye Bashkani) Мустафо АТЕШ, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси сиёсий ишлар бўйича маслаҳатчиси Авазбек Ҳоджиметов ва консул Ойбек Раззоқовлар иштирок этишди.
Мартабали меҳмонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, Хива ва Ортаҳисар ўртасида туризм йўналишида ҳамкорлик қилиш айни тарих бирлигини тиклашда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтишди. Ортаҳисар беледиеси биноси олд майдонида ортаҳисарликлар аждоди ва ушбу ҳудуд асосчиси ҳисобланмиш Хива дада (Xibe dede)га бағишланган ёдгорлик ўрнатилди ва унинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ошириришга хизмат қилувчи миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, фотокўргазма ҳамда моддий маданий меросимизни ўзида акс эттирган смарт музей лойиҳаси тақдим этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон санъат вакиллари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.
Тадбир давомида ортаҳисарликлар томонидан ўзбекча палов тайёрланиб, йиғилганларга улашилди.
Куннинг иккинчи ярмида Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти ходимлари, ҳудудий расмийлар, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳамда делегация аъзолари Туркияда содир бўлган ўрмон ёнғинлари фожиаларига бағишланган ҳамда она табиатни қайта тиклаш мақсадида рамзий маънода дарахт кўчатлари экилди.
Шундан кейин Ортаҳисар туманидаги гиламчилик марказига ташриф уюштирилиб, меҳмонларга гилам тўқиш технологияси ва иш жараёнлари таништирилди.
Тадбирлар сўнгида делегация ҳамда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Ортаҳисар беледиеси биносида Мустафо АТЕШ билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда туркий халқларнинг бирлиги ифодаси сифатида ўтказилаётган ушбу тадбирларнинг аҳамияти муҳим эканлиги қайд этилиб, ўзига хос миллийлик акс этган эсдалик совғалари алмашишди.