«KHOREZM TIMES» ҳаёт юзини кўрди

Кейинги йилларда интернет ривожланишини асосий сабаб қилиб босма нашрлар фаолияти қисқаргани ёки тўхтагани ҳақида кўплаган хабарларни ўқиш, эшитиш одатий янгиликка айланди.
Лекин биз билган энг ривожланган давлатларда ҳам журнал ва газеталарнинг минглаган ўқувчиси, харидори бор.
Бугуннинг нигоҳи ўткир, фикри теран ва дунёқараши кенг ўқувчиси учун қулай ва замонавий талаблар асосида янгича имиджга эга бўлган “KHOREZM TIMES” ижтимоий-маданий журналининг яратилиши нафақат журналистика соҳасидаги янгилик, балки Хоразмликлар учун ҳам яна бир ижодий имконият сарчашмаси бўлди.
Журналнинг инглиз тилида чоп этилиши, унда вилоятда сиёсий, ижтимоий ва маданий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ютуқ ва режалар ҳақида мақола, репортаж ва янгиликларнинг ўрин олиши хоразмликларнинг ҳар бир соҳада халқаро даражада билим ва салоҳиятга эга эканлигининг яна бир амалий исботидир!
Энг муҳими, расмий ахборотларни инглиз тилида ёритилиши хорижлик меҳмонлар учун айни муддао. Шунингдек, журнални варақлар экансиз, унда алоҳида саҳифалар орқали туман ва шаҳарларнинг бугунги қиёфаси ва ислоҳотлар жараёни ҳақида энг сўнги хабарларни ёритилиши ўқувчи учун қулай ташриф қоғози саналади.

Мутахассис сифатида журнал дизайни, формати ва танланган жанр, йўналишини юқори баҳолайман ва келажакдаги ижодий ҳаётига бардавомлик тилайман.

Энг асосийси, журналнинг бош муҳаррири ёш, билимли, хориж тилларини мукаммал эгаллаган ижодкор, талабчан кадр. Бугун Давлат раҳбари ишонч билдирган ҳар бир ёш мутахассис ана шу каби янгиликлар ҳаётга татбиқ этилиши шарт деб ўйлайман.

Эндиликда «KHOREZM TIMES»да чоп этилган ҳар бир ижодий материал яхшиликка, эзгу амалларга ва давомий эътирофларга туртки бўла олади.

Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал «KHOREZM TIMES»нинг ижодий ҳаётига ҳамроҳ бўлишига тилакдошман…

Дилрабо КУРЯЗОВА