МАЪМУРИЙ СУДЛАР ЯНГИ ИСЛОҲОТ ЖАРАЁНИДА

Мамлакат ривожида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳамда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо замонавий, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг очиқ, ошкора ва қонуний фаолиятини ташкил этишни талаб қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 28 январдаги тегишли Фармон билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси барча соҳалар ривожида хусусан, Ўзбекистон Республикасининг келгуси 5 йилликдаги тараққиётида асосий йўналишларни аниқ белгилаб беради.
Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг 2-йўналиши «Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш» деб номланди.
Мазкур йўналишда мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, бу соҳада демократик тамойилларга асосланган ҳолда инсон қадрига бўлган эътиборни янада кучайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган.
Бу борада маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан биридир.
Шу жиҳатдан, маъмурий суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида жорий йил 29 январда қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор билан танишар эканмиз, маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан аниқ вазифаларга таяниб фаолият юритишига ишончимиз ортади.
Яъни, ушбу ҳуқуқий ҳужжат билан «маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш мазкур ҳуқуқий ҳужжатдан ўрин олган.
Барчамизга маълумки, миллий қомусимизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади», деб белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қонунимизда мустаҳкамланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилаётир.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур.
Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади. Шу муносабат билан Президентимизнинг мазкур қарорида давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Ҳақиқатдан ҳам, амалиётда юзага келаётган ҳолатлар таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳуқуқи бузилган оддий фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган эди.
Шунингдек, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётганининг гувоҳи бўлаётган эдик.
Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди. Масалан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш назарда тутилди.
Мазкур қарор билан ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берилди.
Эндиликда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилади.
Ўзининг бузилган ҳуқуқини қонуний ҳимоя қила олиш фуқаролар, давлат органлари, ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун муайян билим ва кўникмалар мавжуд бўлишини талаб этади. Бунга эришиш эса, улар учун энг қадрли бўлган вақти ва маблағининг тежалишига олиб келади ҳамда ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради.
Бир сўз билан айтганда, суд-ҳуқуқ тизимини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш ҳамда соҳада бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, соҳада очиқлик ва шаффофлигини таъминланишида, энг муҳими, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.

Музаффар Бобоназаров,
Хоразм вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси