Фарғонада ўзбек ва беларус киноижодкорлари томонидан “Осиё арслони” фильмининг суратга олиш ишлари бошланди  

 

Миллий қаҳрамон “Казбек” образини Улуғбек Қодиров гавдалантиради.

Бугун Фарғонада Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфильм” киностудияси ҳамкорлигида ўзининг жасорати ва ватанпарварлиги билан машҳур бўлган Улуғ Ватан уруши қаҳрамонига бағишланган фильмнинг суратга олиш ишлари бошланди. Фарғона бўлиб ўтган анъанавий “ликопча синдириш” маросимига “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский, агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, суратга олиш гуруҳлари аъзолари ва киноижодкорлар жамоаси ташриф буюрди.

– Ҳозирги кунда дунё билан кино тилида гаплашиш, қадриятлар, катта ва дўстона оиламиз ҳақида, қариндош-уруғ ва дўстларга ҳурмат ва эҳтиром, чинакам садоқат ҳақида гапириш жуда муҳим. “Осиё арслони” фильми қаҳрамони Мамадали Топволдиев нафақат ўзбек, балки беларус халқининг ҳам қаҳрамони ҳисобланади.

Ушбу фильм дўстлик, ҳаёт учун кураш, ўзгаларни ҳаётини сақлаш ва фидойилик ҳақида ҳикоя қилади”, — деди “Беларусфильм” бош директори Владимир Карачевский.

Ўзбек ва Беларус кинематографи томонидан тенг улушларда молиялаштирилаётган фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда партизан разведкачиси сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев (Беларус партизанлари уни “Казбек” деб аташган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильмга “Мен террорчи эмасман” фильми билан танилган Мухаммадали Искандаров режиссёрлик қилади.

– Бугун Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфильм” кинокомпанияси ҳамкорлигидаги “Осиё арслони” (таҳр. – аввалги номи “Казбек”) фильмининг суратга олиш ишлари бошланди, – дея изоҳ берди Фирдавс Абдухолиқов. – Давлатимиз раҳбари киноижодкорлар олдига халқ қаҳрамонлари образларини кинода абадийлаштириш вазифасини қўймоқда.

Мамадали Топволдиев эса халқимизнинг ҳақиқий миллий қаҳрамони. Ўзингиз ҳулоса қилинг: М. Топволдиев асирга тушиб, қочиб кетади ва партизанлар сафига қабул қилинади. У кўприклар ва йўлларни миналайди, душманнинг 19 та эшелонини рельсдан чиқариб юборади, фашистлар Германиясига ақлга сиғмайдиган зарар етказади ва уларни даҳшатга солади. Қўл жангида у 76 фашистни йўқ қилади, битта немис генералини ва ғалаба учун қимматли маълумотларни тақдим этган жуда кўп офицерларни асирга олади. Нацистлар Казбекнинг боши учун 50 минг рейхсмарка ваъда қилишади! Унинг номи билан боғлиқ бир нечта ҳикоялар мавжуд. Ҳар бир операциядан кейин у дарахтга ханжар билан Казбек номини ўйиб ёзиб қолдирарди, шу тарзда у ўз изини қолдирган ва немисларни қўрқувда ушлаб турган. Мамадали Топволдиевнинг хизматдошлари уни Кавказдаги улуғвор тоғга қиёслаб, Казбек деб аташган, немислар эса Осиё арслони номини беришган. 1944 йилда Сталин унга “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонини берган. Ушбу кинолойиҳани амалга оширишда кўрсатаётган ёрдами учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз».

“Ўзбекфильм” киноконцерни директори Баҳодир Одиловнинг маълумот беришича, бош ролга Улуғбек Қодировнинг танланиши бежиз эмас. “Биз актёрни АҚШдалигида таклиф қилган эдик. У роль устида синчковлик билан ишлашда давом этмоқда ва ҳатто 25 килограмм ташлашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон ёшлари уни яхши кўради ва у қаҳрамон образини муносиб гавдалантира олади, деб умид қиламиз. Фильм лойиҳасини молиялаштириш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди. Кинематография агентлиги ва Беларусфильм харажатларни тенг улушда қоплайди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам муносиб ҳиссаси билан лойиҳани қўллаб-қувватлайди деган умиддамиз, – дейди Б.Одилов.

“Узбечка” ва “Осиё арслони” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар ўтган йилнинг кузида Минскда ўтказилган “Листопад” кинофестивалида тузилган эди, таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур кинофестивальда Ўзбекистоннинг “Илҳақ” фильми бош совринни қўлга киритган эди.

Фильм реалистик жанговар саҳналар, кинохроникалар ва чуқур эмоционаллик билан томошабинларни хурсанд қилишни ваъда қилади.

Шоҳида Исмоилова, актриса: «Тасвирга олиш муҳити менга жуда маъқул келди. Уй эса ўша муҳитни эслатаяпти. Ўзимни шу даврдагидек хис қилаяпман. Либослар, унинг ранги тақинчоқларгача алоҳида аҳамият қаратишган. Рости самимий водий халқи, уларнинг ширин сўзлари менга илҳом бағишламоқда. Мен тарихи фильмда тасвирга тушаётганимдан шодман».

Теша Мўминов, Ўзбекистон халқ артисти: «Тарихий фильмда образни жонлатиришнинг ўз юки бор. Ролга киришдан аввал рости шу юкни хис қилдим. Уруш ва унинг кечинмалари асарда ёритилаяпти. Фильмдаги воқеликларни ҳаммасини ошкор қила олмайман. Томошабин кутсин, яна бир тарихий асар яратилаяпти. Асар яратилганда ҳам чинакам қаҳрамон ҳаёти».

Карим Мирходиев, Ўзбекистон хизмат кўрсанган артисти: «Қисқа сўзламоқчиман. Фильмда Мамадали Топволдиевнинг отаси образини яратаяпман. Энг оғир саҳна бу мен учун фарзандини урушга жўнатаётган ота. Бошига дўппи кийдириб миллатни, мамлакатни, оилани унутма деган рамзи бор».

Улуғбек Қодиров, актёр, бош роль ижрочиси: «Топволдиев ролини ижро этаяпман. Мамлакатимизнинг чинаккам қаҳрамони. Образни ҳис қила бошладим. Қизиқ бир гапни айтмоқчиман. Шу образ учун 25 килограммдан кўпроқ вазн ташлашимга тўғри келди. Озишга рози бўлганим ва озганим бу образни яратишни истаганимни билдиради. Бу ҳақда кўп гапирмайман фильм ҳақиқий тарихий асар бўлади».

Муҳаммадали Искандаров, режиссёр: «Авваллари тарихий клип суратга олганман. Тарихий фильмга биринчи маротаба қўл уришим. Фильм яратишга руҳан ўзимни тайёрлаб мана бугун биринчи тасвирга олиш ишларини бошладик. Фильмга ўзбек ва беларуслик ижодкорлар ҳамкорликда муаллифлик қилишмоқда. Асарда ҳақиқий ўзбек ўғлони ҳаёти ёритилади. Асрий анъаналарини асрашга бел боғлаган ўғлон. Икки мамлакат ижодкорлари бир мақсадда Мамадали ота ҳаётини ёритишга киришдик».

Бугун эса она юрти Фарғона водийсининг Зоҳидон шаҳрида Мамадали Топиволдиев номидаги музей очилди. Музейнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этди.

Қуйида кинолойиҳанинг суратга олиш майдонидан тайёрланган бэкстейжни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. https://youtu.be/KuPrBngMz2E