
Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат коррупциядир. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Бюджет, Божхона кодекслари (янги таҳрирда), «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Коррупция ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат харидлари механизмини такомиллаштириш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлашга оид бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мазкур чора-тадбирларнинг янги ва янада самарали тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2016 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва 24 ноябрда қуйи палата томонидан қабул қилинган ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 8-сессиясида маъқулланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади.
Қонун 6 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, унда коррупция; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик; манфаатлар тўқнашуви атамалари асосий тушунчалар сифатида берилган.
Ушбу қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда иштирок этиши; коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Қонунга «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» деб номланган алоҳида бобнинг киритилгани бежиз эмас. Чунки аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирмасдан туриб, унга қарши курашиш самарадорлигини таъминлаб бўлмайди.
Қонуннинг 16-моддасига асосан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўради.
Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан, ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни ҳам амалга оширади.
Қонунда таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни олиб боришга ҳам алоҳида урғу берилган. Келгусида таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.