150 МИНГ СЎМЛИК АМАЛИЁТ

Мамлакат таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ўқув юртларидаги коррупция ва порахўрликни олдини олишга ҳам астойдил киришилган. Бундай залворли ишлар ўзининг самарасини бермоқда.
Лекин, коррупция, фирибгарлик, порахўрлик ва таъмагирликка қарши кураш мақсадидаги комплекс чора-тадбирларга қарамай, “ўқишга киритиб қўяман, тестни ҳал қилиб бераман, битирув малакавий ишингга ёрдам бераман”, деган ваъдалар орқали мўмай пул ишлаб олиш илинжида порахўрликка,  фирибгарликка қўл ураётганлар ҳали-ҳануз учраб турибди.
Бош прокуратура хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ва Янгиариқ туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай жиноий ҳаракат фош этилди.
Тадбирда Урганч автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси шу коллежнинг талабасидан битирув диплом олди амалиёт иши ҳамда битирув малакавий ишини комиссия аъзолари орқали ижобий ҳал қилиб бериши учун 150.000 сўм пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Аслида 150 минг сўм ўқитувчи деган улуғ номли касб эгасининг обрўсига арзигулик пул эмас. Энг қизиғи холислар иштирокида ушбу ўқитувчининг  ёни кўздан кечирилганда унинг ёнидан 20 нафар талабадан битирув диплом олди амалиёт ва битирув малакавий ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига олган жами 2 миллион 800 минг сўм пуллар борлиги аниқланиб, ушбу пуллар  ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан коллеж ўқитувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Порахўрлик, фирибгарлик ва таъмагирликни касб қилган ҳеч бир шахс жазосиз қолиб кетмайди. Бундай қилмиш эртами-кечми барибир фош бўлиши аниқ. Сўнгги пушаймон-ўзинга душман.

Дилрабо КУРЯЗОВА