ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ҲУҚУҚИЙ АСОС

Барчамизга маълумки жамиятда сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишни мақсад қилиб олган террорчилик ҳаракати мавжуд.

Мамлакатимизда ушбу жиноий ҳаракатларга чек қўйиш ва олдини мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда “Терроризмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.

Маркур қонуннинг мақсади — терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, асосий вазифалари — шахс, жамият ва давлатнинг терроризмдан хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборат.

Ушбу Қонуннинг 2-моддаси асосий тушунчалар берилган,

гаровга ушлаб турилган шахс — қўлга олинган ёки ушлаб турилган шахсни озод этиш шартлари сифатида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, халқаро ташкилотларни, шунингдек айрим шахсларни бирон-бир ҳаракат содир этишга ёки бундай ҳаракат содир этишдан тийилишга мажбур қилиш мақсадида террорчилар томонидан қўлга олинган ёки ушлаб турилган жисмоний шахс;

терроризм — сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар;

терроризмни молиялаштириш — террорчилик ташкилотининг мавжуд бўлишини, фаолият кўрсатишини, молиялаштирилишини, террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни таъминлашга, террорчилик ҳаракатини тайёрлаш ва содир этишга, террорчилик ташкилотларига ёхуд террорчилик фаолиятига кўмаклашаётган ёки бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағ-воситаларни, ресурсларни беришга ёки йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган фаолият;

террорчи — террорчилик фаолиятини амалга оширишда иштирок этаётган, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни амалга оширган шахс;

террорчилик гуруҳи — олдиндан тил бириктириб террорчилик ҳаракатини содир этган, бундай ҳаракатга тайёргарлик кўрган ёки уни содир этишга суиқасд қилган шахслар гуруҳи;

террорчилик ташкилоти — икки ёки ундан ортиқ шахснинг ёки террорчилик гуруҳларининг террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун барқарор бирлашуви;

террорчиликка қарши операция — террорчилик ҳаракатига чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш, шунингдек жисмоний шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда террорчиларни зарарсизлантиришга қаратилган, келишилган ва ўзаро боғлиқ махсус тадбирлар мажмуи;

террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зона — жойнинг ёки акваториянинг алоҳида участкалари, ҳаво бўшлиғи, транспорт воситалари, бинолар, иморатлар, иншоотлар, хоналар ҳамда террорчиликка қарши операция ўтказиладиган доирадаги уларга туташ ҳудудлар;

террорчилик фаолияти — террорчилик ҳаракатини уюштириш, режалаштириш, тайёрлаш ва амалга оширишдан, террорчилик ҳаракатига ундашдан, террорчилик ташкилотини тузишдан, террорчиларни ёллаш, тайёрлаш ва қуроллантиришдан, уларни молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлашдан иборат бўлган фаолият;

террорчилик ҳаракати — гаровда ушлаб туриш учун шахсларни қўлга олиш ёки ушлаб туриш, давлат ёки жамоат арбобининг, аҳолининг миллий, этник, диний, бошқа гуруҳлари, чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳаётига тажовуз қилиш, давлат ёки жамоат аҳамиятига молик объектларни шу жумладан континентал шельфда жойлашган стационар платформаларни босиб олиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, портлатишлар, ўт қўйишлар, портлатиш қурилмаларини, радиоактив, биологик, портловчи, кимёвий, бошқа заҳарловчи моддаларни ишлатиш ёки ишлатиш билан қўрқитиш, ер усти, сув ва ҳаво транспорти воситаларини қўлга олиш, олиб қочиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, аҳоли гавжум жойларда ва оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ваҳима кўтариш ва тартибсизликлар келтириб чиқариш, аҳоли ҳаётига, соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахслар мол-мулкига авариялар, техноген хусусиятли ҳалокатлар содир этиш йўли билан зарар етказиш ёки хавф туғдириш, таҳдидни ҳар қандай воситалар ва усуллар билан ёйиш тарзида террорчилик тусидаги жиноятларни, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида белгиланган террорчилик тусидаги бошқа ҳаракатларни содир этиш;

халқаро терроризм — бир давлат ҳудуди доирасидан ташқарига чиқадиган терроризм.

Қонунинг 3-моддасида Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат эканлиги, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланган.

Терроризмга қарши курашнинг асосий принциплари қуйидагилар яъни қонунийлик; шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; терроризмнинг олдини олиш чоралари устуворлиги; жазонинг муқаррарлиги; терроризмга қарши кураш ошкора ва ноошкора усулларининг уйғунлиги; жалб этиладиган кучлар ва воситалар томонидан террорчиликка қарши ўтказиладиган операцияга раҳбарлик қилишда яккабошчиликдан иборат.

Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Қонун билан қуйидагилар яъни терроризмни тарғиб қилиш; террорчилик гуруҳлари ва ташкилотларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши; террорчилик фаолиятига дахлдор юридик шахсларни, уларнинг бўлинмалари (филиаллари) ва ваколатхоналарини (шу жумладан чет эл ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини) аккредитация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши; террорчилик фаолиятига дахлдор чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши; тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатларига оид маълумотлар ва фактларни яшириш тақиқланади.

Қонун билан терроризмга қарши курашни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати; Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси; Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментлари томонидан амалга ошириши белгилган.

Шунингдек, терроризмга қарши курашда иштирок этаётган давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда террорчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш борасида ҳамкорликда ҳаракат қилишларини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, терроризмга қарши курашишда нафақат давлат органлари балки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда ҳар бир фуқаро томонидан бу жиноий ҳаракатлар бўйича маълумотларга эга ёҳуд уларда шубҳа уйғонган тақдирда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш билан давлатимиз ва фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашда муносиб ҳисса қўшган бўлади.