Рақс — чиройли ҳаракатлар гулдастаси

Юртимизда ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом, юксак интеллектуал салоҳият эгалари этиб тарбиялашга, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, болалар учун барпо этилган мусиқа ва санъат мактабларининг замонавий мусиқа асбоблари билан жиҳозланиши ҳамда санъатнинг турли йўналишларида ўқув машғулотларининг ташкил этилиши таҳсинга сазовордир. 2010 йилдан буён Урганч шаҳрида жойлашган 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида  жажжи ўғил-қизларга рақс сирларини ўргатиб келмоқдаман. Ушбу давр ичида ўқувчиларим республика миқёсида ўтказилган кўпгина танловларда қатнашиб, ғолиб бўлиш имкониятига эга бўлдилар. Рақс гуруҳимизга асосан 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган ўқувчилар аъзо бўлишган. Болалар билан ишлаш, айниқса, миллий рақс ҳаракатларини тинимсиз машқ қилиш менга завқ бағишлайди. Ҳар йили вилоятимизда ўтказиладиган Мустақиллик ва Наврўз байрамларида тўгаракнинг жажжи қизлари хоразмча, фарғонача ва бухорача рақслари билан фаол иштирок этиб келмоқдалар. 2015 йилда ўқувчим Мадина Каримова Камалак юлдузлари танловининг Республика босқичида биринчи ўринни олган бўлса, шу йили “Ягонасан, мақаддас, Ватан!” Республика кўрик-танловида Муштарий Отажонова, Мадина Абдуллаевалар фахрли учинчи ўринга лойиқ деб топилган. Ўқувчиларимга дарс жараёнларида нафақат, ўзбек миллий рақс мактабидан, балки испанча, ҳиндча, туркча ва бошқа миллатлар рақсларини ҳам ўргатиб келмоқдаман. Замонавий ва шинам рақс зали, ўқув машғулотлари учун мўлжалланган махсус хоналар ўқувчиларимиз ихтиёрида.

Айни кунда вилоятимизда ўтказилиши режалаштирилаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивалига катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мазкур халқаро фестивалда мактабимизнинг жажжи қизлари сурнай лазги рақсини ижро этишади. Ушбу фестивалда 7-8 ёшли қизларнинг хоразмча рақслари халқаро рақс жамоалари ҳамда хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдиришига ишонамиз.

Ойимжон Собурова, 

Урганч шаҳар, 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби  рақс ўқитувчиси