Устоз санъаткор хотирасин ёд этиб…

Хоразм вилояти мусиқали драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган ижодий кўрик-танловнинг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев хоразмликлар билан сайловолди учрашувида 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этишни таклиф қилган эди.

Эл суйган хонанда хотирасига бағишлаб ўтказилган мазкур кўрик-танловдан асосий мақсад миллий қўшиқчилик санъатидаги ўзига хос услубларни кенг тарғиб этиш, бу йўналишда изланаётган ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, миллий қўшиқчилик санъатини равнақ топтириш, унинг анъана ва мактабларини бойитиш, мазкур санъат ривожи йўлида самарали меҳнат қилган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, ижодий фаолиятини кенг тарғиб этишга қаратилди.

Барчамизга маълумки, Комилжон Отаниёзов ўзбек қўшиқчилик санъатида ўзига хос мактаб яратган устоз санъаткорлардан бири саналади. У бетакрор ижрочилик йўли билан миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш билан биргаликда халқ қўшиқлари, достонлари, Хоразм мақомларини маромига етказиб ижро этган санъаткордир. Комилжон устоз бастакор сифатида ҳам кўплаб куйлар басталаб, ўзбек ашулачилик санъати учун бой мерос қолдирди. У басталаган «Салом сенга, Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлар бугунги кунга қадар мароқ билан тингланиб, ёш истеъдодлар томонидан севиб ижро этилмоқда.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида асосий эътибор Комилжон Отаниёзов ижро этган мураккаб, авжли Хоразм мумтоз ашулаларининг ижросига, иштирокчиларнинг овоз ишлатиш маҳорати, саҳна маданияти, мусиқанинг миллийлиги, либослар ҳамоҳанглигига эътибор қаратилди.

Мазкур кўрик-танловда иштирок этувчи ёшлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, — дейди УрДУ мусиқа кафедраси мудири, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ботир Рахимов. Бу, албатта, бизни хурсанд қилади. Чунки санъат йўналишида бу каби кўрик-танловларнинг ташкил этилиши Комилжон Отаниёзовнинг баланд пардаларда куйлаган Сегоҳ, Дугоҳ, Феруз, Сувора ҳамда бошқа ашула ва қўшиқларини ижро эта оладиган ёш истеъдод соҳибларини излаб топишда, устоз санъаткор ижодини ёшлар орасида кенг тарғиб этишда ҳамда унинг бой маданий меросига эҳтиром кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

Кўрик-танловнинг бу йилги шаҳар ва туманлар босқичларида 300 нафарга яқин истеъдод эгалари иштирок этган бўлса, вилоят босқичида 70 нафардан ортиқ иштирокчилар танлов шартлари асосида ўз истеъдодларини намойиш этдилар.

Танлов низомига мувофиқ, асарлар тор ва доира билан жонли ижро этилди. Ижро этилган муаллифлик қўшиқларида матннинг савияси, мусиқанинг миллийлиги, либослар ҳамоҳанглиги, ижрочининг овозни ишлатиш маҳорати, саҳнада ўзини тутиши эътиборга олиниб, Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Мазкур танловнинг шаҳар босқичида юқори ўринни қўлга киритиб вилоят босқичида иштирок этиш имкониятини эга бўлдим. Вилоят миқёсида ўтказилаётган бугунги кўрик-танловда Хоразм Сегоҳини ҳамда Комилжон Отаниёзов ижодидан “Истамас” қўшиғини ижро этиб биринчи ўринга лойиқ деб топилдим. Бу каби танловлар асрий қадриятларимизга садоқат, ифтихор туйғуларига йўғрилган Ватанпарварлик, шукроналик, бунёдкорлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, муҳаббат каби мавзуларда куйлаб, катта ашула, халқ қўшиқлари йўналишида ижод қилаётган, устоз санъаткорларнинг ижодий меросига теран кўз, юксак эҳтиром билан боқиб, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига муносиб ҳисса қўша оладиган биз каби ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашда, катта саҳналарда халқимизга садоқат билан хизмат қилишимизда, ўз салоҳиятимиз, иқтидоримиз ва маҳоратимизни намойиш этишимизда кенг имконият яратади, — дейди Хоразм мақомчилар ансамьбли хонандаси, кўрик танлов ғолиби Артур Озодов.

Танлов натижаларига кўра, I ўринга Жалил Машарипов (Қўшкўпир тумани), Набижон Худайберганов (Шовот тумани), Бектош Худайберганов (Хива тумани), Жасурбек Қурбонов (Хива тумани), Артур Озодов (Урганч шаҳри) муносиб деб топилди. II ўрин Алишер Рўзметов ва Комилжон Абдиримов (Янгиариқ тумани), Санъат Юсупов ва  Умидбек Каримов, Феруз Каримов (Урганч шаҳри), Шароф Матчанов (Боғот тумани), Хушнуд Рахимов (Янгибозор тумани), Севдиёр Давлетов (Хива тумани), Фахриддин Жуманиёзов (Шовот тумани)га, III ўрин Хамдам Собиров (Хива тумани), Эргаш Жуманиёзов (Қўшкўпир тумани), Мардон Бекчанов (Янгиариқ тумани), Муҳаммадсафо Сафоев (Урганч тумани), Мансур Абдуллаев ва Дилбар Бектурдиева (Урганч шаҳри), Фарход Казаков ва Музаффар Ёқубов (Хонқа тумани), Мухаммадали Абдуллаев (Хазорасп тумани)га насиб этди.

Санъаткор оиласида туғилганим сабабли, болалигимдан Комилжон устоз ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб катта бўлганман, — дейди истеъдодли ёш санъаткор Санъатбек Юсупов. Биз ёш санъаткорлар Комилжон Отаниёзовнинг невара шогирдлари ўрнида улар яратган миллий санъат мактабини асл ҳолида келажак авлодга етказишда ўрнак бўлишимиз ва устоз ижодидан мунтазам ўрнак олишимиз лозим. Бугунги тадбир ҳам воҳамиз санъаткорлари учун яна бир маънавий-маърифий аҳамияти катта тадбир саналади. Ўзим қатори танловнинг Республика босқичига йўлланма олган барча иштирокчиларга омад ёр бўлишини тилайман.

Кўрик-танлов ғолиблари ва фаол қатнашганлар иштирокчилар Хоразм вилояти маданият бошқармасининг Дипломлари, Фахрий ёрлиқлари ва ҳомийларнинг эсталик совғалари билан тақдирландилар. Танловнинг вилоят босқичида  1, 2, ва 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтадиган мазкур кўрик-танловнинг Республика босқичида  иштирок этиш имконитияга эга бўлдилар.