ОЙДИН ҲАЁТДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАСИ

Мамлакатимизнинг барча гўшаларида янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз арафасида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, байрам шодиёналари бўлиб ўтмоқда.

Хонқа туманидаги “Ойдин ҳаёт” маҳалласида ўтказилган Наврўз сайли иштирокчиларга олам-олам завқ бағишлади.

Тўрт минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳалладаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитига ҳавас қилса арзийди. Майдонда варрак учираётган болакайлар, сумалак қайнаётган дошқозон атрофида лапару қўшиқлар айтаётган онахонлар чеҳрасидаги мамнунликни кўриб, кўнглингиз яйрайди.

Маҳалланинг ёши улуғ онахони Ойбиби Вапаева ҳар йили баҳор таомларини тайёрлашда бош-қош бўлади.

– Наврўз табиат билан бирга вужудимизга ҳам янгиланиш олиб киради, – дейди Ойбиби она. – Дарахт новдаларига тириклик суви югургани мисол кўзларимизга нур, қалбларимизга сурур инади. Халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналар нечоғли боқий ва сермазмун, нақадар бой эканидан дилимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

Маҳаллада истиқомат қилувчи нуронийлар юртимизга тинчлик, қут-барака, фарзандларнинг камолини тилаб сумалакка тош ташларкан, бу баҳор таомининг инсон учун жуда фойдали эканини алоҳида таъкидладилар.

Маҳалланинг кўркам ва обод манзараси, одамларнинг қувонч, сурур, эртанги кунга ишонч туйғулари балққан чеҳраларида шукроналик намоён. Байрам арафасида маҳаллада ҳалим, гўжа, кўксомса каби баҳорий неъматлар тортилган дастурхонлар атрофида Наврўз қувончини ўз яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўраётган маҳалладошлар суҳбати юртимиздаги бунёдкорлик ва янгиланишлар хусусида бўлди.

– Яқинда Наргиза Машарипова тадбиркор сифатида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Маҳалламиз ҳудудида бўш турган бинода иш бошлаб, байрам арафасида 10 нафардан ортиқ коллеж битирувчилари иш билан таъминланди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Давлатназар Назаров. – Тикувчилик цехида мактаб ўқувчилари учун формалар,  хотин-қизлар ва келинчаклар учун миллий либослар тикилаётир.

Наврўз меҳр-мурувват айёмидир. Шу боис ушбу маҳалла фаоллари ва тадбиркорлар томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатлди. Байрамолди ҳашарларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди.