БИР ДАРЁДАН СУВ ИЧГАН ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚ

Мамлакатимизда турли миллат вакиллари ижтимоий- иқтисодий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, дўст-аҳилликда истиқомат қилиб келишмоқда.

Туркман миллати вакиллари ҳам яратувчилик, бунёдкорлик каби эзгу ишларда фаол қатнашиб, қувонарли ютуқларни қўлга киритмоқдалар.

Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир-бирлари билан аҳилликда истиқомат қилиб, дўстликни улуғлаб келмоқдалар. Бу эса бир дарёдан сув ичган, тарихий илдизлари бир-бирига маҳкам туташиб кетган икки мамлакат — Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йилнинг 6 ва 7 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлган эди. Ташриф асносида савдо, иқтисодий, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланган эди. Ана шу тарихий битимлар асосида амалий ишлар давом этмоқда. Жумладан, Хоразм вилояти делегацияси Туркманистоннинг Дашогуз вилоятида бўлишди. Шунингдек, Дашогуз вилояти вакилларининг ҳам Хоразмга ташрифи икки халқ ўртасида давом этаётган дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир. Бу дўстона муносабатлар ўзаро ҳамкорликда туризмни, маданий алоқаларни ривожлантириш, товар айирбошлаш каби қатор йўналишларда ўз ифодасини топаётир.

Вилоятимизда бунёдкорлик, яратувчилик, ободонлаштириш ишлари тобора авж олмоқда. Қишлоқларимиз, шаҳарларимиз кун сайин чирой очмоқда. Жумладан, Урганч туманидаги «Туркманлик» маҳалласи бугун ўзгача қиёфа касб этиб бораяпти. Барча қулайликларга эга гузар, гулзорлар, хиёбонлар маҳалла ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.

Урганч туманидаги 29-сон мактабда ёшларга туркман тилида сабоқ берилмоқда. Мактабдаги ҳамма хоналар кенг ва ёруғ ҳамда фанлар бўйича барча ўқув воситалари билан тўла жиҳозланган. Ушбу даргоҳдаги кутубхонада туркман тилидаги адабиётлар ҳам мавжуд. Ўқувчилар аъло ўқишлари билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Вилоятимизда ўтказилаётган Наврўз, Мустақиллик байрамларида, маданий-маърифий тадбирларда туркман тилида куй-қўшиқлар ижро этилмоқда, рақслар дилларни хушнуд қилмоқда.

Урганч туманидаги «Улли ҳовли» ёдгорлик-мажмуасида «Ўзбекистон ва Туркманистон — истиқлол йилларида» номли кўргазма ташкил қилиниб, унда икки халқнинг мустақиллик йилларида эришган муваффақиятлари ифода этилган. Бу ерда «Устоз-шогирд» мактаби асосида тўқувчилик, тикувчилик, нақ-қошлик, заргарлик, каштадўзлик каби ўндан ортиқ тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Ёдгорлик-мажмуасига ташриф буюраётган сайёҳлар, меҳмонлар бу ерга қўйилган ранг-баранг экспонатлар билан яқиндан танишмоқдалар. Ҳар иккала халқнинг бебаҳо мероси, маданияти, нодир ҳунармандчилиги намуналари уларда чуқур таассурот қолдирмоқда.

Гуллаб-яшнаётган диёримизда халқларимиз ўртасидаги дўстлик янада ривож топиб, аҳиллик, иноқлик тобора мустаҳкамланмоқда!

Давлатназар РАЖАБОВ,

Хоразм вилояти ўзбек-туркман жамияти раиси.