ХОРАЗМДА “ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ” КЛУБИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бугун Урганч шаҳридаги 1-сонли академик лицейда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими, вилоят хотин қизлар қўмитаси, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлари иштирокида  “Зулфияхоним қизлари” клубини ташкил этилиши юзасидан таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

 Тадбирда вилоятдаги авлат ва нодавлат ташкилотлар мутахассислари, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг соҳибалари, ёзувчи ва шоиралар, олимлар, ёш ижодкор қизлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур тадбирни ташкил этишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи-ёшлар ўртасида адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни қўллаб-қуввватлашга қаратилди.

Йиғилишни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Г.Ибодуллаева кириш сўзи билан очди ва бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлаш, миллий адабиётимизни равнақ топтириш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини янада юксалтириш қаратилаётган эътибор ҳамда маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда хусусида сўз юритди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошида ташкил этилган “Зулфияхоним қизлари” ижод клубининг фаолияти элимизнинг севимли шоираси, жамоат арбоби Зулфияхонимнинг бой ижоди ва ибратли ҳаёт йўлини янада чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилишдек эзгу мақсадлар йўлида энг муҳим ўрин эгаллаши хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

– Вилоятимизда иқтидорли, ижодкор қизларимиз сафини янада кенгайтириш, уларнинг ҳар бир соҳада фаоллигини янада ошириш ҳамда истеъдодли қизларнинг маҳоратини мунтазам ошириб боришда мазкур клуб муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова. – Айни пайтда клуб фаолиятида “устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш, ижтимоий ва ижодий кўмак бериш масалаларига эътибор қаратиш лозимлиги тавсия этилди.

– Бугун воҳамиз ижодкор қизлари, тенгдош дугоналарим учун яна бир ижодий имконият эшиги очилди. Вилоятимизда ушбу клубнинг ташкил этилиши ҳам ижодкор қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илҳомига илҳом қўшишда муҳим ўрин тутади. Фаолиятимиз давомида адабиёт, шеърият соҳасида ижод қилаётган тенгдошларим билан ўзаро фикр алмашишда, чекка-чекка ҳудудларда ижод қилаётган қизларни излаб топишда бор куч-ғайратимизни аямаймиз, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Рухсора Машарипова

Тадбирда “Зулфияхоним қизлари” клубининг раиси ва ёрдамчилари очиқ овоз бериш йўли билан сайланди. Шу куннинг ўзида клубга Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, туман ва шаҳарлардан Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод этиб тавсия этилган қизлар ҳамда адабиёт ва шеърият йўналишида ижод қилаётган 100 нафардан ортиқ қизлар аъзоликка қабул қилинди.

Эндиликда мазкур клуб вилоятимизнинг барча ҳудудларида ижодий йиғилишлар, ижодий уюшма, бирлашма, таҳририят ходимлари ва таниқли ижодкорлар билан суҳбатлар, мулоқотлар ташкил этади. Унга аъзо ижодкорларнинг энг сара асарларини уюшма муассислигидаги ва хотин-қизларга мўлжалланган нашрларда чоп этиш учун тавсия қилади. Шу билан бирга турли ижодий танловлар ўтказиш, клуб аъзоларининг тўпламларини нашрга тайёрлаш, уларнинг турли адабий телекўрсатувлар, ижодий учрашув ва мушоираларда фаол қатнашишини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Мазкур ижодий тузилма томонидан атоқли адиблар ижоди ва фаолиятига бағишланган кечалар, шунингдек, адабий-маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган янги китоблар таҳлилига бағишланган турли тадбирлар ўтказилиши ҳамда мамлакатимиз бўйлаб ижодий сафарлар уюштириш ҳам режалаштирилган.

Йиғилиш сўнггида клубнинг келгусидаги фаолиятига оид таклифлар тингланиб, режалар белгилаб олинди ҳамда ижодкор қизлар иштирокида мушоира кечаси ҳам ташкил этилди.