ҲАЙДОВЧИ МАДАНИЯТИ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Хоразм вилояти, айниқса, Урганч шаҳри энг гўзал ва яшаш учун қулай шаҳарларидан бирига айланмоқда. Осмонўпар бинолар, боғу-роғлар, замонавий иморатлар ва янги йўллар қурилиб, вилоятимиз қиёфасига янада кўрк ва ўзгача тароват қўшмоқда. Вилоятда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида кўплаб чора-тадбирлар, автотранспорт хизматларини ривожлантириш юзасидан тизимли вазифалар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастурил амал бўлмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг асосий мақсади ҳам автотранспорт хизматлари билан таъминлаш соҳасини янада такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини ошириш ва атмосферага зарарли ташламаларни қисқартиришдан иборат.

Бугун шаҳар ва туманларда жамоат транспорти фаолияти йўловчиларни узоғини яқин қилмоқда. Айни кунда вилоятда 200 дан ортиқ йўловчи ташувчи йўналишлар мавжуд бўлиб, уларнинг 80 таси автобус, 52 таси микроавтобус ва 36 таси ДАМАС йўналишларида фаолият юритувчи жамоат тарнспортлари саналади. Мазкур соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида аҳоли турмуш тарзини янада юксалтириш мужассам.

— Ўтган йил давомида вилоятда аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида ҳудудий бўлимимиз томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди, — дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Руслан Рўзметов. Жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Вилоят Давлат Солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда  200 дан ортиқ  қўшма рейд тадбирлари ўтказилди. Қўшма рейд тадбирлари давомида автотранспорт хайдовчилари томонидан 3154 та турли қонунбузарликлар аниқланди. Шунингдек, лицензия олмасдан, ноқонуний равишда юк ва йўловчи ташиётган 1411 та автотранспорт хайдовчилари аниқланиб уларга нисбатан хамкорликда маъмурий баённомалар тузилиб, тўпланган ҳужжатлар суд органларига Давлат Солиқ инспекцияси ходимлари томонидан юборилган. Суд органлари томонидан 2016 йил давомида қонунбузарларга нисбатан 1 млрд 34 миллион 880 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилди. Лицензия олиб юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланётган корхоналар томонидан лицензия талаб ва шартларини бажарилишида турли қонунбузарликларга йўл қўяётганлиги аниқланиб қонуний чоралар қўлланилмоқда. Жумладан ўтган йили қуйидаги  23 та хўжалик юритувчи субъектларни 25 та лицензияси 10 иш кунига тўхтатилди.

Ушбу маълумотларда кўриниб турибики, шаҳар ва туманларда аҳолига сифатли траспорт хизматини йўлга қўйиш борасида тизимли вазифалар амалга оширилмоқда. Лекин минг афсуски, айрим ҳайдовчиларнинг ўзаро ҳурмат қоидаларига амал қилмаслиги, светофор яшил чироғи ёнар-ёнмас тинимсиз сигнал чалишлар, йўл бермаслик каби салбий ҳолатлар кишининг кайфиятига, руҳиятига таъсир ўтказиб, дилни хира қилади.

Яқинда Ал-Хоразмий кўчасидаги кичик чорраҳалардан бирини кесиб ўтаётган эдим, мендан уч-тўрт метрча орқароқда иккита болакай келяпти: кўринишидан учинчи-тўртинчи синфлар бўлса керак… Светофорнинг пиёдалар учун яшил чироғида ҳаракатланиб келяпмиз. Мен йўлни кесиб ўтдим, болаларнинг ўтишига атиги бир метрча масофа қолган. Узоқдан шошиб келаётган “Дамас” автомашинаси келиб, секинлашди-да, ўттиз беш ёшлар чамаси ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб, “тез-тез ўт-е….” деб сўкиб ўтиб кетди.

Болалар бир-бирига қараганча, ночор елкаси қисиб йўлларида давом этди. Ҳайдовчининг ўзини тутишидан ғазабландим. Тўғриси, ўша куни кун бўйи кайфиятим бузилиб, ҳайдовчининг сўкингани қулоғимдан кетмай, ғалати бир аҳволда юрдим. Алам қиларли жиҳати, болалар йўлни светофорнинг йўловчилар учун белгиланган яшил чироғида кесиб ўтганди.

Балки, ҳайдовчи шошаётгандир, лекин нима бўлганда ҳам қонун-қоида барча учун баробар-ку? Қолаверса, ҳар қандай вазиятда ҳам фарзанди тенги, балки улардан ҳам ёш болаларни сўкиш хурматсизликнинг энг қўпол кўриниши бўлса керак. Афсуски, бу каби ҳолатлар нафақат енгил машина ҳайдовчилари, балки, жамоат транспорти ҳайдовчиларининг фаолиятида ҳам йўқ эмас.

Ҳар куни ишга бориш учун автобусга чиқаман. Ҳайдовчиларга автотранспорт бошқараётган пайтда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлса-да, кўпчилик ҳайдовчилар телефондан бемалол фойдаланади. Масалан: Автобус ҳайдовчиларининг баъзилари маданиятсизларча телефонда кимларнидир сўкиб, дуч келган гапларни айтишдан ҳечам тортинишмайди. Автобус салонида одам борми-йўқми, уларга фарқи йўқ. На кексани, на аёлларни ва на ёш қизларни билишади. Оғзига келган уятсиз гапларни бемалол бақириб айтаверадилар.

Минг афсуски, шаҳар ичида қатновчи автобуслар, айниқса, “Дамас” русумидаги автомашина ҳайдовчиларини йўловчиларнинг олдида бошқа йўналишдаги ҳайдовчилар билан одам талашиб, сўкишиб, ҳатто ёқалашиб юрганларига тез-тез гувоҳи бўляпмиз.

Тан олиш керак, ҳайдовчиларнинг орасида инсофли, диёнатли, бошқаларни ҳурмат қиладиганлари кўп. Аммо, эрталаблари ким ўзарга пойга суриш, кечки пайт бир бирининг йўлини тўсиш билан овора бўлаётган ҳайдовчилар кўпчилик йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Муаммонинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас. Айни пайтда шаҳарда қисқа масофаларга қатновчи микроавтобусларда «замонавий одат» оммалашган. Яъни бир йўналишга қатновчи ҳайдовчиларнинг телефон орқали «мен фалон жойга келдим», «сен қаердасан?», «тезроқ юр, вақтидан кечикаяпсан» каби суҳбатлари деярли ҳар куни қулоғимизга чалинади. Ана шу суҳбатлар сўкиш, бир-бирини ёмонлаш, йўловчи талашиш каби нафс йўлидаги тортишувлар билан тўлиб-тошгани жуда ачинарли ҳол. Бу каби ҳолатлар асносида бирор кор-ҳол, кўнгилсизлик бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Ахир ҳайдовчининг хаёли йўлда эмас, «уриш-сўкиш» билан банд бўлса…

— Неварам билан шаҳар ичида қатновчи 592 UBA давлат рақамли 4-йўналишли автобусга чиқдим, — дейди нафақадаги ўқитувчи Гулнора Исмоилова. Манзилимга яқинлашгач шофёрга йўл кира учун минг сўмлик узатдим. Шофёр менга қўлдан-қўлга ўтган, титилиб кетган 200 сўмликни қайтим қилди. Мен шофёрга узатган қайтими умуман яроқсиз эканлигини айтишим билан шофёр менга қўпол муомалада “Ҳоҳласангиз шу пул, ҳоҳламасангиз иккинчи бу автобусга чиқманг…” деб жавоб қайтарди. Бу йил давлатимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган бир пайтда жамоат тарнспортлари ҳайдовчилари ва чиптачи ходимлари орасида йўловчи билан қўпол муомалада бўлиш, ўз фойдаси учун тартиб-қоидаларни бузиш каби кўнгилсизликлар деярли ҳар дақиқада такрорланмоқда. Масаланинг яна бир оғриқли томони, шаҳар ичида микроавтобусларнинг йўл кира нархи 700 сўм деб белгиланган. Лекин автобус ҳайдовчилари ёки чиптачилар 1000 сўмлик берган йўловчига 300 сўмни тўлиқ қайтармайди. Бу ҳол туманларга қатновчи жамоат транспортларида ҳам одат тусига айланган.

Ҳа, бу каби камчиликлар бир қарашда арзимасдек туюлади. Лекин 100 сўмни қайтим қилмаслик, яна касбий аҳлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмайдиган шофёрларнинг қўпол муомаласи ҳар бир йўловчининг кайфиятини бузишга, маълум даражада кундалик иш тартибига салбий таъсир ўтказиши табиий.

Наргиза Базарбоева – Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи директор ўринбосари:

Деярли ҳар куни Урганч деҳқон бозори ҳамда Урганч буюм бозорлари атрофида микроавтобус ва таксиларнинг тўхтовсиз ҳаракатланишини кузатамиз. Йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш учун хизмат қилаётган бу каби жамоат транспортларнинг сон жиҳатдан кўпайиши яхши. Лекин уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши, касбий этикаси ва маданияти талаб даражасида эмас. Жамоат транспортлари ҳайдовчиларининг кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларига деярли риоя қилмайди. Айниқса, мазкур бозорлар атрофида пиёдалар ўтиш жойида машиналарнинг тўхтамаслиги ёки, йўловчи талашиб бир-бири билан жанжаллашган кондукторлар ҳамда ҳайдовчиларнинг муомала маданиятидан дилингиз ранжийди. Энг ёмони йўловчиларни “ўзиники” қилиш автобус ва дамасларнинг тинимсиз сигнали-ю, кондукторларнинг баланд овозидан чўчийсан…

Ушбу фикрларни эшита туриб, беихтиёр ўйга толасан киши: бугун  йўлларимиз таъмирланаётган, кенгайтирилаётган, автомашиналар ҳаракатланиш учун барча шароитлар яратилаётган бир пайтда бу каби кўнгилсиз ҳолатлар одат тусига айланаётгани,  айниқса, жамоат транспортлари ҳайдовчилари томонидан учраётган дилхираликлар қачонгача давом этади…?

Хуллас, бир ҳайдовчининг муомаласидан кўнгилларингиз кўтарилиб енгил тортсангиз, бошқа бирининг одобсизлигидан, кир уст-боши-ю, тартибсиз соч-соқолидан дилингиз хиралашиб, машинасига чиққанингизга пушаймон бўласиз. Муаммонинг яна бир томони шундаки, бугун жамоат транспорти ҳайдовчилари учун бир ҳил иш кийими ҳам ташкил этилмаган…

Шу ўринда шаҳар чидаги “Дамас”чиларимизнинг ким ўзарга киракашлик фаолиятини ҳам тасвирлаб ўтмоқчимиз. Бугун мазкур машина ҳайдовчиларининг кўпчилиги шаҳарни яхшигина эгаллаб олишган.  Эндиликда аҳолининг кўпчилик қисми – эҳтимол, элликдир ё қирқ фоизидир – эркаклар, хусусан, ёш йигитлар киракашлик билан шуғулланиб, тирикчиликларини шунинг орқасидан ўтказяптилар. Боз устига ижарачининг чўнтаги қаппайиб, бир машина кўп ўтмай икки-уч машинани «туғиб» турибди. Машина ўзиники бўлса – нур устига аъло нур. Топгани бузилмай уйига боради.

Яна энг муҳими, йўл ҳаракати қоидаларини ким ўзарга бузишга одатланган «Дамас» чиларнинг лицензия қонун-қоидаларини тартибга солиш билан шуғулланиш тегишли ташкилотлар назаридан четда қолаётгандек, гўё…

Барчамизга маълумки, яқиндагина республикамизнинг барча ҳудудларида йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги юқори савияда ўтказилди. Ушбу ойлик доирасида вилоят ичви ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан маҳаллаларда, таълим муассасаларида ҳамда аҳоли гавжум жойларда давра суҳбатлари, семинарлар ва учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, ушбу мавзуда ҳудудий ОАВ орқали мингдан ортиқ материаллар ёритилди.

Вилоятимиз ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ҳаракат иштирокчилари ўртасида йўл ҳаракати қоидалари бўйича профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан авторейдлар ўтказилиб келинмоқда.ИИБ ЙҲҲб тақдим этган маълумотларга кўра йўл ҳаракати ҳавфсизлиги ойлиги давомида ўтказилган рейдларда жами 33247 та қоидабузарликлар аниқланган. Шулардан, 15397 таси қўпол қоидабузарликлар, 833 та транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган, 4514 та тезлик талабини бузган, 2246 та йўл белгиси талабларини бузганлиги, 4649 та одам ташиш қоидасини бузганлиги, 64 та темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидасини бузганлиги, 81 та транспорт воситалари ойналарини қорайтирилган ҳолда бошқарганлиги, 593 та қўл телефонидан фойдаланиш қоидасини бузган ва бошқа қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Аҳолини транспорт воситаларидан оқилона фойланишга оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан 10 дан ортиқ ижтимоий видероликлар тайёрланиб ҳудудий телерадиоканлларимизда эфирга узатилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида ҳайдовчиларнинг касбий масъулиятини оширишга ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш учун хизмат қилади.

Соҳа мутахассислари томонидан тилга олинган маълумотлардан кўриниб турибдики, вилоятимизда аҳолига транспорт восиларини сифатли хизмат кўрсатишга йўналтирилган чора-тадбирлар изчил давом этмоқда. Лекин, қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган ҳайдовчилар, чипта сотувчи ходимлар ва таксислардан касбий масъулият, ўз ишига нисбатан фаоллик ва тартиб-интизомга одатланиш каби ижобий ҳолатлар кам кузатилмоқда. Бундай муаммо ва камчиликларни бартараф этишда, том маънода мазкур соҳага йўналтирилган ташкилот вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини амалга ошириш лозим.

Бугунги мақолада фақатгина таҳририят ходимларинигина эмас, балки бутун халқнинг дилини хира қилаётган, кайфияти ва соғлиғига таъсир етказадиган муаммоли ҳолатларни борича кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бугунги муаммоли мақолага хулоса ясамоқчи эмасман, аксинча, хулоса ва ечимни газетхонлар ва тегишли ташкилот вакиллари ихтиёрига қолдирмоқчиман.

Шу ўринда шоир Ғафур Ғуломнинг «Бу йўллар кўп қадим йўллардир…» деган мазмунли сатрларини мисол келтиришни лозим топдим. Ҳа, биз бугун шошилиб, ҳеч нимани ўйламай ўтиб бораётган йўллардан, эҳ-ҳе, кимлар ўтмаган, дейсиз. Бу йўлларда ота-боболаримизнинг излари бўлиши мумкин, бу йўллардан биздан кейин фарзандларимиз, набираларимиз, эвара-чевараларимиз ўтади. Улар ҳам, худди бугун бизлардек, ишга, бирор тадбирга, дўстлар даврасига ёҳуд оилалари, ота-оналари бағрига шошилишади. Шуларни эслаб, яхши ният, яхши кайфият билан йўлга чиқинг, азиз ҳайдовчи, демоқчиман. Чунки, жамоат транспортига ким чиқишидан қатъий назар, ҳоҳ у ўқувчи-талаба, ҳоҳ у ишчи-раҳбар, кекса-ю ёш, улар ўриндиққа ўтиришлари билан, оддий йўловчига айланишади. Уларнинг манзилларига соғ-саломат етиб боришлари эса ҳайдовчига боғлиқ. Шундай экан, энг аввало, ҳар бир ҳайдовчи ўзи ва  йўловчилар учун йўл қоидаларига, хавфсизлик талабларига, каб одобига тўла риоя қилишлари зарур. Зеро, лоқайдлик ва бепарволик каби иллатлар ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти шакллантиришдек эзгу мақсадимизга тўсиқ бўлиб қолмасин.

Йўлингиз ҳамиша ойдин бўлсин!