ҚЎШМА КОРХОНА: СИФАТ, САМАРА, ИМТИЁЗ ВА ЭКСПОРТ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Хоразм вилоятида ҳам саноат корхоналари фалиятини жадал ривожлантириш, уларни замонавий технологиялар, асбоб-ускуналар ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш ҳамда кенг ҳажмли экспортбоп маҳсулотни ишлаб чиқариш борасида кенг кўлами ишлар амалга оширилмоқда.

Шовот туманидаги “KATQAL’A-TEKS” қўшма корхонаси вилоятнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири саналади. Мазкур корхона Буюк Британия давлати билан қўшма корхона сифатида 2016 йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, унинг асосий фаолият тури тўқилган ва трикотаж пайпоқларини ишлаб чикаришдан иборат.

Қўшма корхона 2016 йилда 300 нафарга яқин ишчи билан иш бошлаган бўлса, ўтган йилда бу ерда 150 та қўшимча ишчи ўринлари яратилди. Ҳозирда эса 700 нафарга яқин ишчи-ходимлар энг замонавий техник ва технологик дастгоҳлар билан жиҳозланган цехларда фаолият кўрсатишмоқда. Замонавий дарстгоҳларни асосан касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қишлоқ ёшлари маҳорат билан бошқармоқдалар.

– Юртбошимиз томонидан биз тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда, жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнимизни эгалламоқдамиз. Фаолиятимиз, барча турдаги пайпоқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Эндиликда корхонасмизда 600 нафардан ортиқ ёшлар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунда иш ҳажмини, экспорт салоҳиятини ҳамда янги иш ўринларини кенгайтиришга эришмоқдамиз. Асосий мақсадимиздан бири, миллий ва жаҳон бозорини сифатли маҳсулот билан таъминлаш, — дейди, қўшма корхона бош директори Умирбек Абдуллаев.

Пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур қўшма корхонада 2017 йилда жами 10 миллиард 805 миллион сўмлик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилнинг биринчи чорагида 9 миллиард 319 миллион сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилган. Корхона йилига 70 миллион дона тайёр пайпоқ ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, бу ерда тайёрланаётган сифатли маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия Федерацияси, Молдавия, АҚШ, Чехия давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Хусусан, ўтган йилда 42,5 минг АҚШ доллари қийматига эга бўлган 140 мингдан ортиқ пайпоқ маҳсулотлари жаҳон бозорига экспорт қилинди. Натижада, ўтган йил давомида корхона Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 212-моддасига асосан 217 миллион сўм дан ортиқ солиқ имтиёзига эга бўлди. Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида эса қўшилган қиймат солиғидан 803 миллион сўмдан ортиқ имтиёз корхона ихтиёрига қолди. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш самарадорлиги янада оширишга, корхона цехлари фаолиятини кенгайтиришга, янги инновацион техника ва технологияларни амалиётга татбиқ этишга ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда корхонага ихтиёрига қолган солиқ имтиёзлари эвазига Италиядан 1минг 40 та янги тўқув ҳамда қадоқлаш дастгоҳлари олиб келинди.

Жамоада янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолининг, истеъмолчиларнинг талаб ва истакларини ўрганиш ҳамда ана шу тарзда иш услубини янада такомиллаштириш фаолият асосини ташкил этмоқда.

— Албатта, солиқ сиёсатини эркинлаштириш ва такомиллаштириб бориш жараёнидан тадбиркорларнинг ўз вақтида хабардор бўлиши ва ундан фойдаланишни билиши нафақат тадбиркор учун, балки бутун иқтисодиётимиз ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Баҳодир Атаниёзов. — Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорларни солиққа оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан кенг таништириш мақсадида ташкил этилаётган учрашувлар, очиқ мулоқотлар ҳамда давра суҳбатлари ўз самарасини бермоқда. Бунинг натижасида вилоятда ишлаб-чиқариш ҳажми кенгайиб, сифатли маҳсулотлар экспорти ортмоқда ҳамда  тадбиркорларимиз томонидан янги лойиҳалар, янги иш ўринлари яратилмоқда. “KATQAL’A-TEKS” қўшма корхонаси ҳам ана шундай илғор тадбиркорлик субъектларидан бири саналади.

Корхонамизда унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилган, — дейди корхона ишчиси Муқаддас Эрметова. Цехларимиз кенг, ёруғ, тоза. Ҳар биримиз махсус кийим билан таъминланганмиз. Дам олиш соатлари  доимо мазмунли ўтади. Иссиқ овқат, ишга бориб, келиш учун транспорт тизимли йўлга қўйилган. Шунингдек, ишчи-хизматчилар учун тиббиёт хоналари ва тиббий хизмат ҳам ташкил этилган. Бу ерда асосан коллеж битиручилари ишлайди. Бугун мамкалатимизда яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар биз ёшларни янада фаолликка ундайди. Келажакда бу ерда ўз билим ва кўникмаларимни мустаҳкамлаб, шогирдлар етиштиришни мақсад қилганман.

Бир сўз билан айтганда, бугун муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вилоятимизнинг барча ҳудудларида йирик ишлаб-чиқариш корхоналарнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик соҳасининг ривожланишида, мазкур соҳада экспорт салоҳиятини оширишда ҳамда янги иш ўринларини яратилиб, аҳолининг турмуш тарзи янада фаровон бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси

 Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи