ОММАВИЙ ҚАБУЛЛАР: МУАММО, ЕЧИМ ВА НАТИЖА

Бугун халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топишнинг замонавий механизм ва самарали усулларини жорий этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, турли вазирлик, муассаса ва идоралар, вилоят сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида Хоразм вилоятида ўтказилган навбатдаги оммавий қабулларда ҳам мазкур жараён яна бир бор амалий тасдиғини топди.

Хонқа, Шовот, Янгибозор туманлари ва Урганч шаҳрида ўтказилган оммавий қабулларда 500 дан ортиқ мурожаат турли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда  “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган оммавий қабуллар асосиан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар тингланди. Мурожаатлар асосан соғлиқни сақлаш, суд, прокуратура, ички ишлар идоралари, бандлик, уй-жой масалаларига оид бўлиб,  уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Маълумотга асосан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасига 4 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижро этилиши, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишларининг кўрилиши, банк-молия ва солиққа тортиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқлидир.

Хонқа туманида ўтказилган сайёр қабулда Янгиариқ, Боғот, Хазорасп ва Хонқа туманларида яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Боғот тумани, “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой ака Ёқубов қабулда маҳаллада яшовчи барча фуқаролар номидан маҳалласининг йўлларини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур масалани ўрганиш ва ҳал этиш бўйича вилоятдан тегишли ташкилотлар раҳбарларидан иборат гуруҳ тузилди ва мурожаатнинг ижроси учун аниқ муддат белгиб берилди.

– Бугунги оммавий қабулда маҳалладошларим номидан мурожаат қилдим. Кўп йиллардан буён маҳалламизнинг 800 метрдан ортиқ йўлидаги асфальт қопламаси йўқ бўлиб кетган. Шу пайтгача ушбу муаммо ҳеч кимни қизиқтирмади, болаларимиз қишда лой, ёзда чанг йўлда мактабга боришда, кексаларимиз кўчада юришга жуда қийналишади. Мурожаатимни республика ва вилоят раҳбарлари шу ернинг ўзида ҳал қилиб беришди. Йўл қурилиши ва таъмири билан шуғулланувчи идораларнинг ходимлари маҳалламизда иш бошлайдиган бўлди. Тез кунларда йўлларимиз кенг ва равон бўлади, — дейди Ҳ.Ёқубов.

Янгиариқлик Насиба Ниёзова уч нафар фарзанднинг онаси. Унинг турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони. Кўп йиллардан буён улар 2 хонали авария холатидаги уйда яшаб келмоқда. Оммавий қабулда Насиба опа имтиёзли кредит асосида намунали уй сўраб мурожаат қилиди.

–Ўзим туман ободонлаштириш бўлимида ишлайман. Ойлигимиз рўзғоримиздан ортмайди. Янги уй олишга имкониятимиз йўқлиги сабабли, бугунги қабулда кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар учун мўлжалланган имтиёзли кредит асосидаги намунали уй сўраб мурожаат қилдим. Мени барча мутасадди раҳбарлар очиқ чеҳра билан тинглашди. Эртага вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси уйимиз, яшаш шароитимиз билан яқиндан танишадиган бўлди. Тез кунларда мен ҳам оилам билан чиройли, янги хонадонда яшаш бахтига эришаман. Бундай имконият учун Муҳтарам Юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди янгиариқлик Н.Ниёзова.

– Президентимизнинг Янгиариқ туман Халқ қабулхонаси 700 дан ортиқ мурожаат тушган, – дейди Янгиариқ туман хокимининг ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилдора Абдуллаева. – Ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, имкон қадар ўз вақтида ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Тан олиш керак, бугунги қабул давомида ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўплиги аён бўлди. Ишимизни қайта кўриб, тўғри ташкил этишимиз зарур. Аҳоли муаммоларини самарали ҳал қилиш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш, туман иқтисодиётини, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида янада кўпроқ меҳнат қиламиз.

Шовотда ўтказилган оммавий қабулда Хива, Шовот, Қўшкўпир туманлари ҳамда Хива шаҳри фуқароларининг мурожаатлари тингланди. Унда асосан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан меҳнатга лаёқати, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг мурожаатлари бўйича муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шовот тумани Қиёт қишлоғида истиқомат қилувчи 3 нафар фарзанднинг отаси, 1-гуруҳ ногирони Рашид ака Авезов  сайёр қабулда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг қабулида бўлиб, солиқ имтиёзлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат олди. Шу ернинг ўзида Р.Авезов ногиронлиги бўлгани учун мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзга эга бўлди. Шунингдек, у газ ва электр тўловларини тўлашда қийналаётгани сабабли, имтиёз сўраб мурожаат қилди. Унинг муаммоси ижобий ҳал этилди.

– Кўп йиллардан буён давлат солиғини тўлиқ тўлаб келаётган эдим. Давлат солиқ органи ходимларига тегишли ҳужжатларни топширгандим. Ҳозирнинг ўзида мени ер солиғини тўлашдан озод қилди. Мана энди давлатимиз ғамхўрлиги туфайли оиламга қўшимча маблағ қоладиган бўлди. Шу ерга йиғилган ёшу қари инсонлар қатори мен ҳам хурсандман. Халқнинг дардини тинглаб, муаммосини жойида ҳал этадиган бундай самарали тизимни йўлга қўйган Президентимиздан, ҳукуматимиздан, барча саховатли инсонлардан беҳад миннатдорман, – дейди  шовотлик Р.Авезов.

Кейинги суҳбатдошимиз Қўшкўпир тумани Хадра қишлоғи Ўрта қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Машарип ота Мадримов бўлди.

–  Уч-тўрт йилдан буён маҳалламизда электр энергиясининг босими жуда паст. Бугунги йиғилишда мазкур муаммога ечим топишда амалий ёрдам сўрадим. Мурожаатим шу ернинг ўзида мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганилди ва маҳалламиз аҳолиси учун қўшимча трансфарматор қўйиб бериш учун  сектор раҳбарларига, вилоят электор тармоқлари мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди. Тез кунларда ҳудудимизга қўшимча трасформатор ўрнатиладиган бўлди. Бугун юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ҳар недан улуғ эканлигини яна бир бора қалбан ҳис қилдим.  Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон, барча имкониятлар муҳайё бўлган юртда туғилганлигимга шукрона айтаман. Юртбошимиз олиб бораётган одилона сиёсатидан бениҳоя мамнунман, — дейди М.Мадримов.

Шунингдек, Шовот туманида ўтказилган оммавий қабулда ушбу туманнинг Ўзбекистон қишлоғида яшовчи Гулбаҳор Рўзметова тўғри ичак саратони касаллиги билан бир марта операция бўлганлиги ва иккинчи операцияга имтиёз сўраб мурожаат қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармами томонидан Г.Рўзметовага операция учун вилоят кўп тармоқли шифохонага йўлланма берилди. Шу қишлоқнинг яна бир фуқароси Гавҳар Ўрозметова оилавий муаммолари сабабли 12 ёшли учинчи фарзанди Қувончбек Сапарбоевга туғилганлик гувоҳномаси олишда қийналиб юрган эди. Гавҳарнинг оилавий муаммолари инобатга олинган ҳолда шу ернинг ўзида унинг фарзанди Қ.Сапарбоевга тантанали равишда туғилганлик гувоҳномаси топширилди.

Вилоятимизнинг Янгибозор тумани ва Урганч шаҳрида ташкил этилган сайёр қабулларда ҳам 200 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг аксарият қисми иш билан бандлик, пенсия, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қурилиш учун ер ажратиш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш борасидаги муаммолардан иборат. Оммавий қабул давомида аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг айримлари шу ернинг ўзида ечимини топди.

Ана шу қабуллар давомида фуқаро Даданазар Раджабовнинг оила аъзолари томонидан қилинган мурожаати шу куннинг ўзида ечимини топди. Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан Урганч шаҳрида фуқаро Даданазар Раджабовнинг жиноят иши кўрилди. Мажбурий ижро бюроси ходимларига ўз вазифасини бажаришларида қаршилик кўрсатганлиги сабаб панжара ортидан жой олган Д.Раджабов Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳаққининг 75 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Энг қувонарлиси Д.Раджабов суд залининг ўзидаёқ озодликка чиқарилди.

– Шукурки, менга озодлигимни қайтариб беришди. Президентимизга раҳмат. Мурожаатимизни кўриб чиққан Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов ҳамда вилоят ҳокими в.б. Фарҳод Эрмановдан миннатдорман,- дейди Даданазар Раджабов.

– Вилоятимизнинг барча аҳолиси учун 2 кун давом этган оммавий қабуллар жуда самарали бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Яраш Олламов. – Жами 500 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди ва уларнинг кўпчилиги ўз жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди, ўн беш кун муддатда мазкур мурожаатлар ҳам қондирилади ёки уларнинг эгаларига асослантирилган жавоблар йўлланади.

Оммавий қабуллар давомида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан йўлланган ҳеч бир мурожаат жавобсиз қолмаслиги, ариза, таклиф ва шикоятлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, қонуний муддатда жавоб қайтарилиши, бу масала шахсан муҳтарам Президентимизнинг назоратида эканлиги қайд қилинди.