ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ: ТЕЗКОР, ҚУЛАЙ ВА ШАФФОФ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда келажакдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Улуғбек Абдуллаев сўзга чиқиб, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳаёти сифатини, инвестиция иқлимини, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва бу соҳада яратилаётган замонавий қулайликлар хусусида маълумот бериб ўтди.
Айни кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган давлат хизматлари марказларида аҳолига тез, сифатли ва кенг турдаги давлат хизматаларини кўрсатиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, агентликнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 52 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Маълумотларга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимизнинг Хонқа туман Давлат хизматлари марказида тажриба тариқасида аҳолининг эҳтиёжига қараб, 70-100 тардаги хизматларни кўрсатиш амалиёти жорий этилган. Айни кунда мазкур марказ томонидан фуқароларга электрон имзо калитлари сертификатларини бепул тарқатиш хизмати ўз самарасини бермоқда. Шунингдек, Давлат хизматлари марказларида юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам 30 дан ортиқ йўналишлардаги хизматлари кўрсатилмоқда.
Айниқса, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби масалаларнинг ушбу марказ томонидан амалга оширилиши аҳолида розилик ҳиссини уйғотмоқда бу эса ўз навюатида ортиқча сарф-харажатларни, вақтни тежашга имкон яратмоқда.
– Давлат хизматлари марказлари аҳолига кенг турдаги хизматлар кўрсатиши билан қисқа муддатда уларнинг ишончини қозонди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи У.Абдуллаев. – Жумладан, шу пайтгача аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларида марказлар томонидан 15 мингдан ортиқ электрон рақамли имзо сертификати берилишида, 13 ярим мингга яқин болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришда ҳамда 8 мингга яқин тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатилди. Хизмат автомашиналари орқали олис қишлоқлардаги аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳаолда кўрсатилаётган мобиль хизматлари ҳам инектавтивлиги ҳам очиқ ва ошкоралиги билан турли коррупциявий ҳаракатларни олдини олишда ҳамда фуқароларимизнинг муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун давлат хизматлари марказлари томонидан вилоятимизнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан ҳам учрашувлар, мулоқотлар ўтказилмоқда.
Маҳаллалар биносида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар, ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган “Адлия бурчаклари” стендлари ташкил этилиб, жойларда “Адлия сайллар”и ҳам ўтказилмоқда. Шунингдек, вилоят ва шаҳар марказларидан олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари марказлари “Дамас” автомобиллари билан таъминланган.
Тадбирда “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қўшкўпир ва Янгиариқ туманларида ташкил этилган марказларнинг имкониятлари, улар томонидан амалга оширилаётган вазифалар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
— Биргина Қўшкўпир туманининг “Оқдарбанд” қишлоғида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида марказимиз томонидан 1268 та хонадонларга кирилиб, уларнинг яшаш шароитида мавжуд муаммолар ечимига эътибор қаратилди. Хусусан, 12 нафар оилалар нигоҳ гувоҳномаси, 5 нафар болалар туғилганлик гувоҳномаси билан таъминланди. 28 нафар имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларида фуқаролик паспортларини расмийлаштиришда яқиндан кўмак берилди, — дейди, Қўшкўпир тумани давлат хизматлари маркази директори Ражаббиби Абдуллаева.
Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб бердилар.