СОЛИҚ СОҲАСИДА ПРОФИЛАКТИКА: МУАММО ВА ЕЧИМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24 апрель куни Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида ўтказган йиғилишида вилоятни ижтимоий иқтисодий соҳаларини ривожлантириш борасида бир қанча вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан давлат раҳбари томонидан вилоятда кўплаб соҳаларда мавжуд камчиликлар тилга олиниб, ҳудудларда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, боқиманда қарздорликни камайтириш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларида жиддий муаммолар мавжудлиги таъкидланган эди. Бу борада солиқ хизмати органларига алоҳида вазифалар белгилаб берилиб, унда асосий эътибор ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси доирасида бюджетнинг даромадлар базасини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда қўшимча манбалар, шу жумладан, маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш резервларини аниқлашдан иборат.
Бугун вилоятнинг барча ҳудудларида ана шу муҳим масалаларни ижроси доирасида ташкил этилаётган профилактик тадбирлар жараёнида солиқ хизмати органлари ходимлари фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги “Маҳаллий бюджетнинг даромадлари базасини кенгайтириш заҳираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқамаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, деҳқон бозорлари ҳамда савдо мажмуаларида фуқаролар билан ташкил этилаётган учрашувлар, профилактик тадбирлар тадбиркорларга ҳам амалий ҳам ҳуқуқий томондан кўмак бермоқда.
Хоразм вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг навбатдагиси Урганч шаҳрида ўтказилди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларида асосий эътибор тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларда солиқ тўлаш маданиятини шакллантириш, ўз фаолиятини белгиланган тартиб қоидалар асосида қонуний тарзда ташкил этиш ҳамда солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилди. Тадбирда Урганч шаҳри ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатсиз ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келётган фуқаролар билан юзма-юз профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг салбий ҳолатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз Урганч шаҳар Саноатчилар кўчасида жойлашган мана бу бинода миллий ширинликлар ишлаб чиқариш хизматини йўлга қўйган фуқаро Шоҳида Жуманиёзова фаолияти яқиндан ўрганилди. Шоҳида Жуманиёзова бир неча ойдан буён давлат рўйхатидан ўтмасдан, ижара асосида бўш турган бинода миллий ширинликлар ишлаб чиқаришни бошлаган. Солиқ хизмати ходимлари томонидан бу ерда ташкил этилган профилактик тадбирлар жараёнида ушбу фуқарога қонуний фаолият юритаётган тадбиркор учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, хусусан солиқ қонунчилиги талаблари ҳамд имтиёзлар кенг тушунтирилди.
Тадбир давомида мазкур цехда санитария гигиена қоидаларига умуман тўғри келмайдиган муҳит яратилганлиги, норасмий ёлланма ишчилар фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳамда ишлаб чиқарилаётган шириклик маҳсулотлари ноқонуний қадоқ билан истеъмолчиларга етказиб берилаётгани ҳам маълум бўлди. Мазкур цех таъмирталаб, кўримсиз хонада жойлашган бўлиб, бу ерда ширинликлар ишлаб чиқариш ва сақлаш учун яратилган шароитларнинг бирортаси талаб даражасида эмас. Ширикликлар учун ишлатиладиган қиём маҳсулотлари эса ҳовлида сақланар экан. Цехнинг ташқи ҳовлисидаги чиқинди уюми, тартибсиз кўринишдаги манзара эса ижарага эгасининг эътиборидан четда қолган.
Ушбу ишлаб чиқариш цехида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида солиқ хизмати ходимлари шу ернинг ўзида давлат санитария эпидемилогия маркази ходимларини ҳам жалб этишди. Мутахассислар иштирокида ўтказилган профилактик суҳбат натижасида Шохида Жуманиёзова ноқонуний фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ишлаб чиқаришда мавжуд камчиликларни тўлиқ бартараф этиб, истеъмолчиларга сифатли маҳсулот етказиб беришни мақсад қилди.
-Ҳақиқатан, анча вақтдан буён ҳужжатсиз миллий ширикликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётган эдим. Бугун солиқ хизмати ходимлари келиб, иш фаолиятим билан яқиндан танишганларида бироз қўрқдим. Лекин улар менга қисқа вақт ичидиа ноқонуний фаолият юритишимга, ишчиларимнинг фаолиятини расмийлаштиришда ҳамда ижрада бинони таъмирлатишда амалий кўмак бердилар. Энди фақат қонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз фаолиятимни янада кенгайтиришни мақсад қилдим, — дейди Шоҳида Жуманиёзова.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида тадбиркорларга кенг имконият яратилган. Хусусан, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳам инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Шохида Жуманиёзова мисолида айтадиган бўлсак, у шу куннинг ўзида солиқ хизмати ходимларининг амалий кўмаги билан “Давлат хизматлари маркази”нинг сайёр штабида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятини қонунийлаштирди. Қисқа фурсат ичида Шохида Жуманиёзованинг барча ноқонуний фаолиятига чек қўйилиб, у соғлом тадбиркорлик муҳитига қайтарилди.
Ана шундай профилактик тадбирлардан яна бири Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида жойлашган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонасида ҳам ташкил этилди. Ушбу корхона бугун тадбиркорлик соҳасида ўз ўрнига эга. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари нафақат миллий бозоримизга, балки қўшни Туркманистон Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона ишчи ходимлари билан олиб борилган суҳбат жараёнида ёлланма ишчиларнинг фаолияти норасмий йўлга қўйилганлиги маълум бўлди. Солиқ хизмати ходимларининг ҳуқуқий маслаҳатлари натижасида корхона ишчиларининг фаолияти ҳам шу куннинг ўзида қонунийлаштирилди. Бу каби саъй ҳаракатлардан корхона раҳбари ва унда фаолият юритиб келаётган ишчи хизматчилар ҳам мамнун бўлди.
— Корхонамиз 2010 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб 6 нафар ишчи ходимлар билан иш бошлаган эдик. Асосан қурилиш молларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Маҳсулотларимиз асосан қўшни Туркманистон Республикасига экспорт қилинмоқда. Урганч шаҳар солиқ инспекцияси ходимларининг ёрдами билан 8 нафар ишчиларни фаолиятини расмийлаштириб, улар билан меҳнат шартномаси туздик. Келажакда ўз фаолиятимизни янада кенгайтириб, тадбиркорлик соҳасида мавжуд имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда янги иш ўринларини ташкил этишни ҳамда экспорт ҳажмини кенгайтиришни мақсад қилганмиз, — дейди корхона ҳисобчиси Маҳмуджон Муҳаммедов.
Шунингдек, солиқ хизмати ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида корхона ишчиларига яратилган шароитлар ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишилди. Шу ўринда бир неча ойлардан буён қўл ҳақи эвазига норасмий фаолият юритиб келаётган ва солиқ хизмати ходимларининг амалий кўмаги билан шу куннинг ўзида меҳнат дафтарчасига эга бўлган Ҳайитжон опанинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдик.
Ушбу корхонада бир неча ойдан буён қўл ҳақи эвазига ишлаб келмоқдаман. Асосан қурлиш материаллари солинадиган қоғоз қопларни елимлаш билан шуғулланаман. Бугун солиқ хизмати ходимларининг амалий кўмаги билан меҳнат дафтарчасига эга бўлдим. Эндиликда ҳам иш стажим ҳам оилавий даромадим яхши бўлади. Бундай имконият учун Президентимизга, ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди корхона ишчиси Ҳайитжон Искандарова.
Бугун солиқ хизмати ходимлари томонидан Хоразм вилоятида ўтказилаётган бу каби профилактик тадбирлар аҳолини иш билан таъминлашда, тадбиркорлик соҳасида аниқ лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамда қўшимча ишчи ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Бугунги кунда юртимизда тадбиркорларга барча шароитлар яратилган, – дейди Урганч шаҳар ДСИ бошлиғи ўринбосари Н.Давлетов. – Лекин тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлардан тўғри фойдаланиш ўрнига, яширинча фаолият юритаётган қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” ҳам йўқ эмас. Урганч шаҳрида олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида ҳудудда тадбиркорлик фаолиятлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда. Тарғибот тадбирлари давомида жорий йилнинг май ойида Урганч шаҳар “Давлат хизматлари маркази” сайёр штаби томонидан 144 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди, 60 нафар ёлланма ишчиларнинг фаолияти расмийлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди. Шу билан бирга фаолиятини вақтинча тўхтатган 63 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига эса улар ўз фаолиятини қайта тиклади ва 26 нафар тадбиркорнинг фаолият тури амалдаги фаолиятларига мослаштирилди.
Энг муҳими мазкур профилактик тадбирлар ўз самарасини бериб, вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ишчи ўринларини яратган субъектларнинг молиявий қўллаб-қувватланаётгани ҳисобига маҳаллий бюджетга тушумларнинг ошишига эришилмоқда. Ушбу маблағлар эса шаҳар ва қишлоқларимиздаги ижтимоий инфратузилмани яхшилашга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада кенгайтиришга амалий хизмат қилмоқда.

Дилрабо КУРЯЗОВА
Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи