ТАДБИРКОРЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ВА АМАЛИЙ КЎМАК БЕРИЛМОҚДА

Айни кунда Хоразм вилоятининг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, деҳқон бозорлари ҳамда савдо комплексларида тадбиркорлар билан ташкил этилаётган учрашувлар, профилактик суҳбатлар жойларда мавжуд камчиликларни бартараф этишда, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашишда, инсофли тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак беришда, чет эл инвесторларининг фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйишда, импортни оптималлаштиришда ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишда  муҳим аҳамият касб этмоқда.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган тарғибот тадбирларнинг навбатдагиси Урганч шаҳрида жойлашган йирик ишлаб чиқариш ва савдо корхонасида ташкил этилди. Унда тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳолида солиқ тўлаш маданиятини шакллантириш, ўз фаолиятини белгиланган тартиб қоидалар асосида қонуний тарзда ташкил этиш ҳамда иқтисодий соҳада ҳуқуқбузарликларни олдини олиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. “Bahmal group” корхонасида ўтказилган ушбу тадбирда корхона ишчи-ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 29 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда амалий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Корхона ходимлари Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси орқали юридик ва жисмоний шахсларга солиқ тўловларида белгилаб берилган енгилликлар ҳамда янги ўзгаришлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Ушбу корхона негизида ташкил этилган “Urganch teks” масъулияти чекланган жамияти бугун турли хил турдаги дастрўмоллар ишлаб чиқаришни, уларни маҳаллий ва хориж бозорларига етказиб беришни яхши йўлга қўйган. Бу ерда 200 дан ортиқ ишчи ўрни яратилган бўлиб, корхона ишчи-хизматчилари учун барча шароитлар яратилган. Тадбир давомида корхонанинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.

  • Дастлаб 20 нафар ишчи билан ўз иш фаолиятимизни бошлаган эдик. Бугун ишчи сони ва ишлаб чиқарш ҳажми кенгаймоқда. Корхонамиз маҳсулотлари асосан Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Эндиликда Департамент ходимларининг амалий кўмаги билан техник базамизни кенгайтиришда кредит олмоқчимиз. Шунингдек, янги иш ўринларини очишни режалаштирганмиз, — дейди корхона раҳбари Санжар Аминов.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Урганч шаҳар бўлими ходимлари тарғибот тадбирлари давомида корхона ишчи-хизматчиларнинг меҳнат фаолияти, маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёни ҳамда савдо фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилганлиги, шунингдек, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилганлиги юзасидан тушунтиришлар берилди. Солиқ тўловларида тадбиркорлар учун яратилаётган бундай енгилликлар ўз вақтида иқтисодий жиноятларни олдини олишга, солиқ тўловларида ортиқча қарздорликларга чек қўйишга ҳамда тадбиркорлар ўртасида инсофли солиқ тўловчилар сонининг кўпайишига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

-Бугунги тадбирда корхона ёшларига иқтисодий соҳада қабул қилинаётган янги фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумот бериб ўтдик,-дейди Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими бошлиғи Ўктамбой Давлетов. Бу каби тадбирларни ташкил этиш орқали инсофли тадбиркорларга ҳуқуқий жиҳатдан амалий кўмак беришда, уларни муаммоларига ечим топишда ҳамда импортни оптималлаштириш орқали экспортни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ўтказилган тарғибот тадбири давомида ишлаб чиқариш корхонасининг савдо бўлими фаолияти ҳам яқиндан ўрганилди. Бу ерда асосан ёш йигит-қизлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, импорт ва экспорт йўналишида қулай савдо муҳити яратилган. Бўлимнинг ёш мутахассислари рус ва инглиз тилларида корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этиш салоҳиятига эга. Тадбир давомида ёшларга солиқ соҳасидаги янги концепцияга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатиши ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юбориши айтиб ўтилди. Тарғибот тадбирларида корхона мутахасислари департамент ходимлари билан ўз фаолияти юзасидан келажакдаги бизнес ғоялари ҳақида ҳам ўртоқлашдилар. Энг асосийси солиқ соҳасида амалиётга татбиқ этилган янгиликлардан унумли фойдаланган ҳолда келажакда корхона хорижлик ҳамкорлари билан тажриба алмашиб, ишлаб чиқараши жараёнига янги рақамли ва инновацион технологияларни жорий этишни ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишни мақсад қилган.

Бир сўз билан айтганда, адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад жамиятимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш орқали, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий шароитини яхшилаш, ҳар қандай соҳада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишдан иборат.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ана шу мақсад йўлида ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари, учрашув ва очиқ мулоқотлар иқтисодий соҳада мавжуд жиноятларни олдини олишда, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашда, чекка чекка ҳудудларда тадбиркорлик соҳасида аниқ лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қўмаклашишда, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришда ҳамда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.