КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФА

Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда ҳудудий бўлим ходимлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширлаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларга мутахассислар томонидан коррупцияга қарши курашиш борасидаги миллий ва халқаро қонунчилик ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Бу борада Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамда департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, коррупцияга қарши курашиш юзасидан мавжуд ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси ҳақида сўз юритилди.

Давра суҳбатида департамент ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир ноқонуний ҳаракатларга ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланган. Департамент ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги белгилаб берилган.

Давра суҳбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш, мазкур соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш соҳасида ижтимоий шерикликнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос жиҳатлари ҳам очиб берилди.

Очиқ мулоқот давомида давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ижтимоий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари бу соҳада мавжуд қонунчилик ҳамда хориж тажрибаси юзасидан соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.

Бу каби тадбирлар бошқарманинг шаҳар ва туман  бўлимларида ҳам давом этмоқда.

 

Муҳаммад Юсупов,

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси инспектори