“АНАХИТА”ДА ЮРАК МЕҲРИ МУЖАССАМ

Юртимизда қадим Хоразмнинг Лазгисига мафтун бўлмаган санъат шайдосини топиш мушкул. Лазги куйи таралган жойда 7 ёшдан 70 ёшгача беихтиёр рақсга тушиши табий. Айниқса, республикамиз, қолаверса бутун жаҳонда ўтказилиб келинаётган маданий тадбирларни хоразмча Лазгисиз ва “Хоразмрақс”нинг қизларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугун Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар опа Матяқубова устозлик қилиб келаётган ушбу санъат масканида ўз касбининг фидоий ва етук раққосалари, раққослари камол топмоқда.
Дилноза Мавлонова ҳам “Хоразмрақс”нинг энг фаол қизларидан бири саналади. Унинг бу даргоҳга кириб келишига болалик орзулари ва Лазгига ошуфта гўзал қалби сабабчи бўлган. Дилноза 2001 йилдан буён устози Гавҳар Матяқубовадан рақс санъатининг сир синоатларини ўрганиб келмоқда.
— Рақс санъати нафақат тана аъзолари ҳаракати, балки инсон руҳияти, маънавияти ва маданияти кўзгуси ҳамдир, — дейди биз билан суҳбатда Дилноза Мавлонова. – Мен ўз рақсларимда ифода этаётган ҳар бир ҳаракатимни мазмун-моҳияти билан томошабин қалбига маънавий озуқа беришга ҳаракат қиламан. Шундагина рақс чинакам санъат мақомига кўтарила олади. Томошабин ҳам биздан айнан шуни кутади. Устозим айтганидек, ҳар бир рақс ҳудди энг гўзал чизилган суратдек, мукаммал ёзилган асардек бенуқсон ижро этилиши лозим.
Рақс санъати ҳаётининг бир бўлагига айланган Дилноза Мавлонова ўз ижодий фаолиятида бир қанча ютуқларга эришган ёш раққосалардан. У 2004 йилда Мукаррама Турғунбоева номидаги ёш раққосалар Республика кўрик танловида “Анахита” рақси орқали Олий ўринни қўлга киритган бўлса, 2010 йилда Хоразм вилоятида “Йилнинг энг яхши раққосаси” эътирофига сазовор бўлган. У 2014 йил “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши томонидан ташкил эилган “Янги нигоҳ” танловининг рақс йўналишида ғолиб деб топилган. 2016 йил вилоятимизда илк бор ўтказилган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ҳам Дилноза учун омадли бўлди. Ушбу фестивалда у хоразмча “Анахита” тарихий рақсини ижро этди. Бу рақс кичкина ёғоч тункани устида туриб ижро этилади.
— “Анахита” рақсини яратиш жуда қийин ва машаққатли бўлган. Рақс учун тункани Хивалик усталарга тут дарахтидан махсус ясатганмиз. Бир кўринишда оддий туюлган рақснинг ҳар бир ҳаракатларини мусиқага мос тушиши учун тарихий асарларга юзланганмиз. Ушбу рақсни яратишимда тарихчи бўлганлигим ҳам катта амалий ёрдам берган. Ҳатто рақс учун махсус куй, куйга мос оҳанг, либос, тақинчоқлар танлаш ҳам осон бўлмаган. Оҳангни чиқариш учун чекка қишлоқда яшовчи ёши катта момоларни излаб топганмиз. Мен ушбу тарихий асар Дилноза Мавлоновада гавдаланишини юракдан ҳис қилганман. Оҳанг, овоз, куй уйғунлигида рақс ҳаракатлари тилга кириши учун Дилнозадан катта машаққат ва меҳнат талаб этганман. Шогирдим Дилноза бу тарихий рақсни маромига етказиб, ҳар бир ҳаракатга юрак меҳрини бериб ижро эта олди. Шунинг учун ҳам у халқаро фестивалда “Ёрқин яккахон рақс” номинациясига лойиқ деб топилди, — дейди Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Матяқубова.
Ҳаётда санъат турлари кўп. Лекин рақс санъати инсоннинг нозик, карашмага бой ҳаракатини ўзида мужассам этиши билан, қўллар, бармоқлар сеҳри сизни гўзал ҳислар асроридан воқиф этиши билан кўнгилларга гўзаллик олиб киради. Нозиклик, нафосат, инжа хатти-ҳаракатлар рақс санъатининг ажралмас бўлагидир. Шу сабаб, раққоса куй ва қўшиққа йўғрилган оҳангларни ўзининг рақсига сингдиради. Айниқса, Хоразм рақс санъати ўзининг жўшқинлиги, ўйноқи ҳаркатлари ва жозибаси билан ажралиб туради.
Дилноза Мавлонова ҳам ана шу ҳислатлар мужассамлашган рақслари билан нафақат республикамизда балки Германия, Хитой, Малайзия, Туркия, Голландия, Белгия, Франция, Россия, Японияда ўтказилган маданият фестивалларида фаол иштирок этиб, ўзбек рақс санъатини дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бу йилги ўтказиладиган “Рақс сеҳри” Халқаро фестивалига ёш ижодкор Дилноза Мавлонова Хоразмча қадимий рақси ҳамда “Соз ва сумбул” номли рақси билан иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда.
Мазкур халқаро фестивал арафасида “Хоразмрақс” қизларининг меҳнати ва машаққатли тайёргарликлари кўриб, рақс санъатининг мураккаб, бетакрор ва масъулиятли соҳа эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Ўйлаймизки, Дилноза Мавлонова сингари ёш раққосалар яратаётган санъат асарлари нафақат халқимиз, балки жаҳон рақс санъат тарихида ҳам ўз ўрнига эга бўлади.

Дилрабо ЖУМАТОВА
Журналист