ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМ

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида кафолатланган ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланмоқда.

Зеро, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг муҳим омилларидан биридир. Шу боис миллий қонунчилигимизда фуқаролар мурожаатлари масаласига алоҳида ўрин берилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Ғайратжон Султанов билан бўлган суҳбатимиз ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий мурожаатларига қўйиладиган талаблар ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби хусусида бўлди.

Ғайратжон Пўлатович, фуқаролар мурожаатларининг ҳуқуқий асослари ҳақида гап кетганда Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонуни беихтиёр кўз олдимизда намоён бўлади. Айтингчи ушбу қонуннинг аввалги Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонундан фарқли жиҳатлари борми?

-Ушбу қонуннинг аввалги қонундан фарқли жиҳатлари талайгина. Хусусан, юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлари илгари қонун йўли билан тартибга солинмаган эди. Энди эса бу масала қонун билан мустаҳкамланди.

Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқи амалиётга татбиқ этилди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалида қабул вақти ва жойи кўрсатилиши ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлиши шарт. Бундай жадвал маъмурий бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилади. Қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинади.

Давлат органларининг қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас, фақатгина уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, қабул рад этилиши мумкин. Шахсий қабул давомида давлат органининг раҳбари қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио ва видео ёзув, шунингдек, фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин. Давлат органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

-Мурожаатга қўйиладиган талаблар нималардан иборат?

-Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин. Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёҳуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак. Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўьрисидаги маoлумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўьрисидаги маoлумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёльон маoлумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади. Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

-Сўралаётган ахборотни тақдим этиш муддатлари аниқ белгиланганми?

-Ҳа. Авваламбор, таъкидлаш жоиз мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилиниши, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни ўз ичига олган бўлиши керак. Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштирилиб ва таҳлил қилиб борилади.

Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт. Шуни ҳам айтиш керакки, баъзи ҳолларда мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқишда мутасаддилар томонидан бу масалада сансалорлик ва расмиятчилик, камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаслик, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрмаслик ҳолатлари учраб туради. Бу мурожаатлар ортишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида қонунда давлат органлари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши шарт. Давлат органларининг масъул ходимлари мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча чоралар кўриши зарур.

-Агар мурожаатларга ўз вақтида ёки умуман жавоб қайтарилмаса-чи?

-Мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт. Жисмоний ёки юридик шахс мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Демак, мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини белгилаб, давлат органларининг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтаришга ҳуқуқий замин яратди, десак тўғри бўлади, шундай эмасми?

-Албатта.

-Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

 

 

Дилрабо КУРЯЗОВА суҳбатлашди.