СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИ КЕНГ ТАРҒИБ ҚИЛИНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2018 йил 20 декабрь куни ўтказилган йиғилиш баёни билан белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан Хоразм вилояти ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда солиқ сиёсатининг такомиллаштирилган Концепциясини амалиётга тўлиқ ва сифатли жорий этиш учун белгилаб берилган вазифалар муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги баёнининг 1-иловасига биноан ҳудудларда солиқ тизимидаги ўзгаришларни сифатли амалга ошириш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган бўлиб, унга биноан Хоразм вилоятига Бандик ва меҳнат муносабатлари вазири, Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ва “Саноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раислари бириктирилганди. Ишчи гуруҳи тадбиркорлик субъектларига янада кўмаклашиш мақсадида, солиқ сиёсатидаги ўзгаришларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларга чиққан ҳолда тарғибот ишларини олиб боришди.
-2019 йилдан бошлаб солиқ тизимини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш, айниқса қўшилган қиймат солиғини кенг жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш шунингдек, солиқ тўловчиларга бу борада кўмаклашиш лозим, — дейди Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи А. Хошимов. – Ҳудудлардаги тарғибот ишларимизда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларга солиқ тизимидаги ўзгаришларни соҳасига тегишли ҳолда тушунтирдик.
Вилоятда соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаб келаётган ва 2018 йил якуни бўйича 1 млрд.сўмдан ортиқ товар айланмасини амалга оширган 676 та юридик шахслар ҳамда 196 та якка тартибдаги тадбиркорлар мавжудлигини инобатга олиб, ушбу тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтдилар. Ишчи гуруҳи 213 та тадбиркорлик субъектига умумбелгиланган солиқлар билан ишлай оладиган бухгалтерларга зарурат мавжудлигини инобатга олиб ҳар 10 тасига 1 тадан солиқ идоралари ходимлари бириктирилди ва методик қўлланмалар фойдаланиш учун топширилди.
Бундан ташқари кун тартибига солиқ тўловчиларга солиқ ва молиявий ҳисоботларни шакллантиришда беғараз амалий ёрдам ва маслаҳатларни бериб бориш, шунингдек, умумбелгиланган солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ўқув-семинар ва тренинглар ўтказишни ташкил этиш, солиқ тўловчиларга кўргазмали ва тарқатма материаллар етказишни таъминлаш бўйича келишиб олинди.

Хоразм вилояти ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.