СОЛИҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲ ҚИЛИНМОҚДА

Солиқ тизмидаги янгиликлар, ўзгаришларни бугун халқимиз жуда катта қизиқиш билан кузатмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга ўзларининг муносабатларини билдиришмоқда. Негаки, солиқ тизимида ўзгаришларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам юртимизда ўтган бир йил давомида солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимиз томонидан 2018 йил 29 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони шулар жумласидандир.
Айтиш керакки, қабул қилинган ушбу ҳужжат соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир. Эндиликда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилди, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилинган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача оширилди. Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.
Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилди. Бунда йиллик оборотнинг 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқиладиган бщлди. Барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, обороти 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилди.
Асосий мақсад эса солиқ тўловчилар зиммаларидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари, нима учун солиқ тўлаётганликларини тўлиқ хис қилишлари, бу жараёнларда давлат солиқ хизмати органларидан рози бўлишларига эришишдан иборат.
Шунингдек, солиқ тўловчилар даромадини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари учун маъмурий тартиб-таомилларни камайтириш, соддалаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш, бу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтириш асосий масалалардан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш алоҳида эътибор қартилади.
Бу ўз навбатида солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик ва олдини олишга хизмат қилади.

Хикмат СУЛТАНОВ,
Хива туман прокурорининг ўринбосари