ТАЛАБАЛАР СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИДАН БОХАБАР БЎЛИШДИ

Вилоят давлат солиқ бошқармасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқсодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олиб, Урганч ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи талабалари вилоят ДСБда тизим ходимлари билан бевосита мулоқот ўтказишди. Улар солиқ тизимидаги янгиликлар ва ўзгаришлардан хабардор бўлишди.
Коллеж ўқувчиларига тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш амалиётини, уларга солиқ тизимидаги ўзгаришларни ўргатиш, қолаверса, солиқлар нималарга тўланиши бўйича тарғибот ишлари олиб борилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, келгусида тадбиркорлик фаолиятини юритмоқчи бўлган коллеж битирувчисига Солиқ кодексида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятлари борлиги тушунтирилди. Ўқувчиларга тизимдаги дастурлар ҳақида маълумотлар берилди.
Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон давлат хизматлари — my.soliq.uz» портали орқали 35 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилиши улардан 15 таси — ахборот давлат хизматлари, 20 таси — интерактив давлат хизматлари эканлиги ҳақида тушунчага эга бўлдилар. Шунингдек, порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг «шахсий кабинет»лари жорий этилиши электронлашган давлатга томон асосий қадамдир.
— Солиқ тизимидаги ўзгаришларни жойига чиқиб ўрганганимиз, биз учун катта тажриба бўлди. Бу ерда солиқ ислоҳотларидаги ўзгаришларни кўргазмали материаллар орқали ва малакали мутахассислардан ўрганиш биз учун фақат фойдали бўлди. Масалан, мол-мулк ва ер солиғи бўйича билимларимиз камлиги сабабли қийналар эдик. Бу ерда мутахассислар томонидан содда қилиб мисоллар орқали тушунтиришлар олиб борилиши биз каби ёшларда ҳам солиқ тизимида ишлаш ғурурини уйғотди. Мамлакатимизда каттагина ўзгаришлар бўлаётгани, уларни тарғиб қилишда менинг ҳам ёрдамим тегса, мамнун бўлардим, дейди Ш.Отабоев Урганч ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи талабаси.
Ҳ.РАҲМАТОВ,
вилоят ДСБ давлат солиқ катта инспектори.