СИЛ МАККОР КАСАЛЛИК

Сил маккор касаллик. Силнинг маккорлиги шундаки, у кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўлларини шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса сил таёқчаларини ўлдиролмайди. Оқибатда одам касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажаралиб чиқади, баъзан қон тупуради.
Касалликнинг дастлабки белгилари: йўтал 2 ҳавфтадан ортиқ давом этиши, ҳарорат кўтарилиши, дармон қуриши, тез чарчаш, озиб кетиш, иштаҳа бўлмаслиги ва кўкрак кафасда оғриқ пайдо бўлиши
Бу ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Шифокорга қанчалик эрта мурожаат қилинса, даволаниш шунчалик самарали бўлади. Сил билан оғриётган беморлар тавсия этилган дориларни ўз вақтида қабул қилишлари ҳамда даволаш курсларини тўхтатмасликлари лозим.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ҳар сонияда 1 одам сил билан зарарланар, ҳар 4 сонияда бир одам сил билан касалланар, ҳар 10 сонияда 1 одам сил касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмар экан.
Ушбу касаллик юқумли бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар — сил таёқчалари юзага келтиради. Кўп холларда сил таёқчалари ўпкани зарарлайди. Баъзи ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяклар, бўғинлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам учраши мумкин.
Касаллик қандай юқади?
Сил таёқчалари кўп ҳолларда организмга нафас йўли орқали ўтади ва ўпка тўқималарида ривожланади ва кўпаяди. Ўпка тўқимасида бўшлиқ (каверна)лар ҳосил бўлади. Бу бўшлиқларда миллионлаб сил микроблари бўлади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда, тупурганда балғам зарралари билан атрофга отилиб чиқади ва сачрайди. Бу кўзга кўринмас балғам зарраларида минглаб сил таёқчалари бўлади. Сил бактериялари ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин, айниқса хона ҳавосида узоқ вақт сақланиб қолади. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактерияларнинг сони кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади. Бемор дуч келган жойга балғам ташласа, вақт ўтиб қуриб, сил таёқчалари ҳавога чанг билан кўтарилади ва нафас йўллари орқали соғлом кишиларга ўтади. Демак ҳеч ким сил таёқчаларнинг юқишидан ҳимояланган эмас, чунки ҳаво ҳамма учун умумийдир.
Ҳозирги кунда фтизиатрия муасасалари жойлардаги бирламчи тиббий муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ҳар бир поликлиникада махсус хоналар ажратилган. Поликлиникага мурожаат этаётганларда сил касаллигига гумон бўлса, керакли анализларни топшириш имконияти бор — балғам сил таёкчаларига текшириш учун топширилади.
Агар ташҳис тасдиқланса, бемор туман силга қарши кураш диспансерига юборилади. У ерда бемор текширилиб, зарур даволаниш чоралари аниқланади. Бемор ихтисослаштирилган шифохонада 2-4 ой давомида даволанади. Кейин эса яшаш жойига қарашли поликлиникаларнинг ДОТС хоналарида тиббий ходим назоратида дори олиш ва ичишни давом эттиради.
Ер шарида 6,5 млрд. аҳоли яшаса, шундан 2 млрди, яъни 3 дан 1 қисми сил таёкчалари — Кох бацилласи билан зарарланган бўлиши мумкин.
Сил таёкчаси билан зарарланганларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланавермайди. Зарарланганларнинг ҳар 10 тасидан 1 тасида касалликнинг фаол тури ривожланиши мумкин. Иммунитети пасайган одамларда касалликнинг ривожланиш хавфи юзага келади.
Шунингдек, ОИВ \ОИТСни юқтириш, гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, қандли диабет, чарчаш ва очлик инсоннинг касалликка қарши курашувчанлиги ҳусусиятларини сусайтиради ҳамда сил касаллигини ривожланишига замин яратади.
Айниқса Одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), одам организмининг ҳимоя воситаси ҳисобланадиган иммунитет тизимини чуқур жароҳатлайди. Қонда касаллик қўзғатувчи микробларга қарши курашувчи ҳужайра — лимфоцитлар мавжуд. Одам Иммунитет танқислиги вируси айнан шу хужайраларни емиради. Натижада одамни турли хил юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга, жумладан сил касаллигига мойиллигини оширади. ОИВ\ОИТСга чалинганларда сил касаллигининг юзага келиш ва ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Эсингизда тутинг! Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6-8 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар бемор даволаниш давомида ўзини яхши ҳис этиб, дорилар ичишни тўхтатиб қўйса ёки вақтида ичмаса, сил таёқчалари дориларга нисбатан чидамлийликни шакллантиради, оқибатда сил таёқчасининг бу дорига чидамли бўлган бошқа кучлироқ турлари пайдо бўлади. Силнинг бу турларига қарши курашиш анча қийин кечади, даволаниш узоққа чўзилади. Агар бемор даволанмаса, касаллик ўлимга олиб келади.