СИЛ КАСАЛЛИГИ БИЛАН ХАСТАЛАНГАН БЕМОРЛАРГА БЕРИЛГАН ИМТИЁЗЛАР

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддаси талабига мувофиқ, 1997 йил 20 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатини тасдиқлаш ва бундай касалликларга дучор бўлган шахсларга имтиёзлар белгилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорга биноан онкологик хасталиклар, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, сил касаллиги, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, ОИТС, мохов (лепра) касаллиги ва руҳий касалликлар ижтимоий хатарли касалликлар рўйхатига киритилган.
Мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ, сил касаллигининг ҳар қандай шаклига дучор бўлган беморлар қуйидаги имтиёзлар эга:
– касаллик биринчи марта аниқланган беморлар учун сил билан касалланиш оқибатида меҳнатга лаёқатсизлик бўйича касаллик варақаси касаллик аниқлангандан бошлаб 10 ойгача, сил касалликлари муассасаларида ҳисобда турган беморларга текшириш ва ногиронликни белгилаш учун кейинчалик уларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК)га юборган ҳолда 6 ойгача берилади.
Сил касаллиги билан ка¬салланиш оқибатида иш қобилиятини вақтинча йўқотган ходимларнинг иш жойлари ва ўртача ойлик иш ҳақлари тўлиқ сақланади.
Беморларга (берилган йўлланма бўйича) даволаниш жойларигача автотранспортда бепул бориш ва келишга ёхуд маҳаллий бюджет ҳисобидан поездда йилда бир марта бориб келишга рухсат этилади.
Ётоқхоналарда ёки кўп квартирали уйдаги тураржойларда яшовчи болали беморлар учун навбатдан ташқари тураржойлар берилади.
Сил касалликларига қарши диспансерларнинг белгилашига кўра, силга чалинган бемор бор бўлган оилаларнинг соғлом болалари болалар яслиларига, боғчаларига, мактаб-интернатларга навбатдан ташқари жойланади.