СОҒЛОМ ҲАЁТ ТАРЗИГА БЕФАРҚ БЎЛМАНГ

Сил касаллиги ҳаво-томчи инфекцияси ҳисобланади. Ушбу касаллик  асосан ўпкага зиён етказади. Шунингдек, у одам организмининг соч ва тирноғидан бошқа ҳамма аъзоларига “ҳужум” қилиши мумкин. Касалликнинг юзага келишига mycobacterium tuberculosis бактериялари сабабчидир. Улар муайян соҳаларда яллиғланишни келтириб чиқаради, натижада тўқималарда тугунлар ва некроз ўчоқлари, яъни ўлик тўқималар ҳосил бўлади. Улар туфайли органлар нормал ишлай олмайди, тана эса умумий интоксикация билан жавоб қайтаради. Агар иммунитет ёки дори-дармонлар касалликни вақтида тўхтатмаса, инсон ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин. Инфекциянинг асосий ўчоғи бемор инсонлар саналади. Шунингндек, ушбу касаллик жониворлардан ҳам юқиши мумкин. Атрофда касаллар қанча кўп бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи ҳам шунча юқори бўлади.

Сил таёқчаси асосан одамнинг ўпкасини зарарлайди ва ўпка сили касаллигини келтириб чиқаради. Бактерия ташқи муҳит омилларига ўта чидамли бўлиб, хона ҳароратида сут ва сут маҳсулотларида 10 ойгача, сувда 5 ойгача ўз фаоллигини сақлаб қолади, қайнатилган сувда ва қуёш нури таъсирида 5–10 дақиқада нобуд бўлади. Сил наслдан наслга ўтмайди, аммо озиқ-овқат маҳсулотлари орқали кенг тарқалиши мумкин. Кўпинча йирик қорамоллардаги сил касаллигини чақирувчи бактериялар улардан олинган маҳсулотларни истеъмол қилган кишиларга юқиши мумкин.

Ушбу касалликнинг аломатлари хилма-хил бўлиб, беморлар аксар ҳолларда силла қуришидан, толиқиш ва уйқусизликдан шикоят қилади. Силга чалинган беморларда икки ҳафтадан ортиқ давом этаётган йўтал, балғам ажралиши, иштаҳанинг сусайиши, вазн йўқотиш, баъзан тана ҳароратининг кўтарилиши, терлаш, шунингдек, кўкрак қафасидаги оғриқ, қон туфлаш каби белгилар кузатилади. Бу белгилар сил касаллигигагина хос бўлмай, балки бошқа хасталикларда ҳам кузатилиши мумкин. Шу сабабдан бемор албатта шифокорга мурожаат қилиши лозим.

Одамларнинг сил касаллигига мойиллиги кўпроқ организмнинг ташқи муҳит таъсирига чидамлилиги ёки иммунитетининг пасайиб кетиши билан боғлиқ. Бунга кўп ҳолларда ижтимоий омиллар, жумладан, очлик, ўз вақтида витаминли овқатларни тўйиб истеъмол қилмаслик, зарарли одатлар, яъни ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик, ҳар хил сурункали касаллик­лар каби омиллар сабаб бўлади.

Касаллик беморларнинг аксариятида ёпиқ шакда учрайди, яъни бактериялар организмни кемириб боради, лекин атроф-муҳитга ажралмайди. Силнинг очиқ шакли эса атрофдагилар учун (беморларнинг ўзи учун ҳам) жуда хавфли. Шунинг учун уни шифохонада даволаш зарур. Силнинг очиқ шаклидан азият чекувчи кишилар билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш – катта хавф. Ушбу дардга дучор бўлиш хавфи юқори бўлган жойлар одамлар яхши овқатланмайдиган, гигиенага риоя қилмайдиган тор, совуқ, зах иншоотлардир. Касаллик инфекциясининг  юқиши бу касаллик саналмайди. . Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи кишида mycobacterium tuberculosis бўлади, лекин микроблар ҳар доим ҳам ўзини намоён қилмайди.

Сил касаллигига қарши курашда аҳолини соғломлаштириш ва санитария-­гигиена чора-тадбирлари ҳамда спорт билан шуғулланиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш, ортиқча зўриқмаслик, тоза ҳавода кўпроқ юриш ва умуман, табиатнинг барча шифобахш омилларидан оқилона фойдаланган ҳолда организмни чиниқтириш силга қарши чидамлиликни оширади. Бундай киши мабодо силга чалинса, унда касаллик бирмунча енгилроқ кечади ва тезроқ тузалади. Бундан ташқари, силнинг олдини олишда ушбу касалликка қарши кучсизлантирилган тирик вакцина (БЦЖ) билан эмлаш юқори самара беради.

Касаллик инфекцияларидан ҳимояланишда фитизиатор шифокорлар қуйидагиларни тавсия этади.

Биринчиси, Ўз хонадонингизга киришингиз билан қўлларни ювинг, хоналарни шамоллатинг, бадантарбия қилиш ва қоматни сақлаш лозимлигини ҳам унутманг. Шунингдек, соғлом ҳаёт тарзи, одатий гигиена қоидалари, қулай яшаш шароитига риоя этинг.

Иккинчиси, муайян касаллик профилактикасига қаратилган усул. Масалан, бирор касалликка қарши эмлаш. Аммо эмлаш инсонга юз фоиз ёрдам бера олмайди. Силга қарши БЦЖ вакцинаси мавжуд. У инфекция юқишидан ҳимоя қилмайди, лекин мураккаб ҳолатларга қаршилик қилишда ёрдам беради. Хусусан, у сил менингити ривожланишига йўл қўймайди. Унутмаслик лозимки, сил касаллиги билан курашда ҳужайра иммунитети муҳим аҳамиятга эга, унга эса эмланишнинг алоқаси йўқ.

Касаллик кўринишларини ўзида сезган ҳар бир бемор албатта, рентгенография ёки компьютер томографиясидан ўтиши, бактерияларни аниқлаш учун таҳлиллар топшириши зарур. Энг муҳими, касалликнинг олдини олишда ўзида ишонч ҳосил қилиши лозим. Ўз вақтида шифокорлар кўригидан ўтиб туриш сил хасталигини эрта босқичларда аниқлаш ҳамда уни осонликча бартараф этиш имконини беради.