КРИПТО-БИРЖАЛАР ЭЛЕКТРОН ИҚТИСОДИЁТ РИВОЖИ САРИ

Иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими янада мустаҳкамланмоқда. Давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий Агентлигининг 2019 йил  21 январдаги буйруғи  билан   “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги  Низом  тасдиқланди. Ушбу Низомда мамлакатимизда крипто-биржаларнинг фаолиятини тартибга солиш, фаолият олиб бориш учун махсус рухсатнома олиш тартиби ҳамда унга қўйилган шартлар ва  талаблар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, крипто-биржа бу – крипто-активларни айирбошлаш, солиб олиш ва сотиш учун электрон майдонча тақдим этиладиган ташкилот ҳисобланади. Блокчейндаги қийматига эга ва эгаси бўлган қайдлар мажмуаси крипто-актив саналади.

Юқоридаги ҳужжатга асосан крипто-биржа фаолияти билан мамлакатимиз ҳудудида шўъба ёки бошқа корхоналарни очиш орқали  фақатгина чет эл юридик шахслари шуғулланиши мумкин. Бундай юридик шахсларнинг Устав фондига тўхталадиган бўлсак,  Устав фонди бундай биржаларнинг фаолият олиб бориши учун қўйилган талаблардан бири бўлиб, мамлакатимизда энг кам ойлик иш ҳақининг 30 минг баровари (6.081.900.000 сўм) миқдоридаги пул маблағи шаклида устав жамғармаси мавжуд бўлиши ва шундан 20 минг баровари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисоб варағида захирага қўйилган бўлиши зарур. Крипто-биржа Устав фонди фақатгина унинг таъсисчилари пул маблағларидан шаклантирилади, кредитга ва гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб этилган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Бундай фаолиятнинг ўзига хос хусусияти шундаки, юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари, жумлада норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган обект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди.

Шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахслар томонидан ўтказиладиган крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ валюта операцияларига валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилмайди. Лицензия талабгори яъни юридик шахс махсус рухсатномани олиш учун ариза, лицензия талабгори давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини, крипто-биржа фаолиятининг аппарат дастурий резлизацияси тавсифини, крипто-биржа савдосининг тасдиқланган қоидалари намунасини ҳамда устав фондида талаб этиладиган захираланган суммасининг мавжудлиги тўғрисида тижорат банкдан олинган маълумотномаларни тақдим этиши лозим бўлади.

Ариза берувчи томонидан барча зарур ҳужжатлар лицензияловчи ташкилотга топширилгандан кейин 20 кундан ошмайдиган муддат ичида ҳужжатлар кўриб чиқилади ва ушбу ўрганишлар натижаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади ҳамда  шу асосида махсус эксперт комиссияси 7 кунлик муддат ичида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай қарор қабул қилингандан кейин 3 кунлик муддатда ариза берувчини қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилади. Бундай хабарномада талабгорнинг банк ҳисоб рақами реквезитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан почта орқали ёки ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида юборилади. Лицензиялар лицензия талабгори томонидан лицензия берилиши учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган кундан бошлаб 3 кунлик муддат ичида расмийлаштирилади.

Агар лицензиат лицензия берилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома олган пайтдан бошлаб 3 ой ичида лицензияловчи органга лицензия берилиши учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этмаса ёки лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи ташкилот лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Крипто-биржалар фаолиятини уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатларига риоя этиши қисмида назорат қилиш функциялари крипто-биржалар фаолиятини лицензияловчи ташкилот ва тегишли ваколатли давлат органлари томонидан олиб борилиши белгилаб берилган. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳам крипто-биржалар фаолиятида пул айланмаси ва электрон молиявий операцияларни амалга оширишда назоратни амалга оширибгина қолмасдан, ушбу соҳанинг қонуний ривожига кўмаклашиш орқали элктрон иқтисодий жиноятларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Расул ИБРАГИМОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси  иш юритувчиси