ЭРТА АНИҚЛАНГАН КАСАЛЛИКНИНГ ДАВОСИ БОР

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан сил таёқчаси аниқланган кун 24 март — Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Маълумотларга кўра дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми мазкур касаллик билан юзлашган.
Касаллик асосан нафас олиш аъзолари орқали юқади. Йўталиш ёки аксириш жараёнида сил микроблари майда заррачалар кўринишида бир неча метргача сачрайди. ҳажми 20 микрон бўлган бу заррачалар ҳавода ўртача беш соат муаллақ туради ва атрофдаги соғлом одамлар ўпкасига жойлашади. Микроблар организмда ойлаб, ҳатто йиллаб кўпайиб боради, лекин бу дастлаб сезилмайди. Организм бошқа касалликлар туфайли заифлашганда, руҳий тушкунликка тушганда ва узоқ муддат оч қолганда, шунингдек, кучли совқотганда сил микроблари ўпка тўқималарига тарқалади. Силнинг белгилари қуйидагилар: икки ҳафтадан ортиқ йўтал, иштаҳа сусайиши, озиш, кўкрак қафасида оғриқ, тунда терлаш, тана ҳароратининг 37,5 гача кўтарилиши, балғам ажралиши ҳамда дармонсизлик.
Ҳозирги пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан сил касаллигини аниқлаб, замонавий усулларда даволаш учун ДОТС дастури қабул қилинган. Айтиш жоизки,  2002 йилдан буён aҳолига қулайлик яратиш мақсадида барча оилавий поликлиникаларида ДОТС хоналари фаолият кўрсатмоқда.
Унутманг, сил касаллиги қанча эрта аниқланса, даволаниш ҳам шунча осон кечади.