ИНВЕСТИЦИЯ СИЁСАТИДА ШАФФОФЛИК

Айни кунда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, бу орқали эса аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар изчиллигига хизмат қилувчи янги механизмлар амалиётга жорий этилмоқда.  такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, инвестиция ҳам иқтисодий йўналишнинг энг муҳим бўғини саналади.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти  Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 10 апрель куни имзоланган “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор юртимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этишда энг муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Унда давлат бошқарувининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу қарор билан давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштишга Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маъсул этиб белгиланган. Портални техник қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш ҳамда узлуксиз ишлаб туриши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги жавобгар ҳисобланади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида ахборотни тайёрлаш ва Порталда жойлаштириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил қилинган, халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган бўлинмалар зиммасига юкланади. Мазкур қарор билан яна бир қанча яъни, 2019 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш ҳамда 2019 йил 1 октябрга қадар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг, шунингдек, ахборотни тарқатишга тааллуқли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг меъёрлари унификациялаштирилишини назарда тутувчи ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Бир сўз билан айтганда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори Ўзбекистон инвестиция сиёсатининг шаффофлигини таъминлаш, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларга сармояларни фаол жалб этишда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Ғайратжон СУЛТАНОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи