ЮКСАК ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ — МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятни юксалишида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия, оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бу борадаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони аҳолининг  ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлик даражасининг  юксалишида муҳим ҳуқуқий ҳужжат саналади.

Ушбу Фармоннинг асосий мақсади аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган.

Фармонда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаётлиги ҳамда узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаганли таъкидланган. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан эътибор қаратилмаган. Масаланинг яна бир жиҳати, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда. Мана шундан муҳим муаммоларни бартараф этиш борасида мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан бир қатор вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Шунингдек, мазкур Фармонда жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиши борасида аниқ ва изчил вазифалар ҳам ўрин олган. Яъни аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида «Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!» деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш,  Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш ҳамда бу йўналишда ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати каби йўналишлардан кенг фойдаланиш белгилаб берилган. Энг аҳамиятлиси мазкур муғим вазифаларни амалга оширишда “Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя ҳамда  «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципини амалиётга кенг тарғиб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий онг маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур концепциянинг асосий мақсади аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш ибоат. Концепция  5 бобдан иборат бўлиб, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш”, “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш”, Юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш”, “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш” сингари бобларида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишига, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг янги тизимини амалиётга жорий этиш каби муҳим вазифалар ўз аксини топган.

Шунингдек, концепциянинг 3-боби “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш” деб номланган. Мана шу боб билан оммавий ахборот воситаларига ҳамда давлат ташкилотлари ахборот хизматларига ҳам бир қанча вазифалар юклатилган.

Биламизки, ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари чинакам маънода “тўртинчи ҳокимият” вазифасини бажариши лозим. Энг асосийси, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда ёки фуқароларимизда шаклланган ҳуқуқий маданият ва билимдан самарали фойдаланишда оммавий ахборот воситалари, хусусан, журналистлар энг яқин тарғиботчи саналади. Мазкур Концепцияда ҳам ҳуқуқий мавзуларни тизимли ва таҳлилий ёритиб бориш ҳамда аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, ҳуқуқий даврий нашрларни интернет тармоғига интеграция қилиш ва уларнинг электрон нусхалари жойлаб борилишини таъминлашни йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида «Ҳуқуқий ахборот» радио лойиҳасини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтириш, уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан алоқасини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни ташкил этиш масалалари белгилаб берилган. Энг муҳим жиҳати бу йўналишда давлат органлари ахборот хизматларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатишдаги роли ва ўрнини кучайтиришга, шу жумладан, давлат органи нуфузига таъсир кўрсатадиган салбий хабарлар бўйича зудлик билан муносабат билдириб бориш механизмини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Демак, мазкур Концепцияни амалиётга татбиқ этишда нафақат журналистлардан, балки давлат ташкилотлари ахборот хизматлари ходимлари, матбуот котибларидан ҳам катта ҳуқуқий билим ва тажриба талаб этилади.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш дастурлари ишлаб чиқилади. Ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари орқали “Ҳуқуқий маданият ойлиги”, “Одоб-аҳлоқ ойлиги”, ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” тадбарлари ташкил этилади. Шунингдек, аҳолини қизиқтирган ҳуқуқий саволлар юзасидан “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси амалга оширилади. “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси”, “Ҳуқуқий тарҳиботни амалга оширишда энг яхши инновацион лойиҳа” танловлари ташкил этилади.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатда инсон манфаатлари ҳимоясига, фуқароларимизнинг яшаш тарзи ва дунёқарашини шакллантиришга жуда катта эътибор қаратилган. Ушбу Фармон эса, бу борада амалий жараённи ҳаётга, халқимиз турмуш тарзига татбиқ этишга хизмат қилади. Концепцияни амалга оширишда эса орқали эса фуқаро, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш, шахсий эҳтиёжлар ҳамда жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлаш, бола ва ёшлар онгига илк ҳуқуқий тушунчаларни ва одоб-ахлоқ қоидаларини тизимли сингдириб бориш, ҳуқуқий таълим-тарбияни узвий ва тизимли олиб боришга эришиш каби долзарб вазифалар мужассам. Бу билан ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини яратиш ва жорий этиш, ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, мансабдор шахслар ва фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлаш каби масалалар ҳам ўзининг ижобий самарасини беради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳуқуқий ҳужжат халқимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этибгина қолмасдан, бу соҳада қабул қилинган Концепцияда белгилаб берилган вазифалар ижросида нафақат давлат ташкилоти органлари балки, аҳолидан, фуқаролик жамияти институтларидан ҳам фаоллик талаб этилади.

Ғайратжон СУЛТАНОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи,

адлия кичик маслаҳатчиси