КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ОАВ БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 27 май куни  қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган вазифалар ижросида Департамент органларининг ўрни, иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда мазкур йўналишда кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларга қаратилди.

Давра суҳбатида Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари, шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Ғ.Султанов сўзга чиқди. Маърузада бошқарманинг 2019 йил йил ўтган 5 ойи давомида коррупция ва бошқа шу каби иқтисодий жиноятларнинг олдини олишда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, бошқарма томонидан ўтган 5 ой давомида коррупцияга қарши курашиш борасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини янада ошириш мақсадида департаментнинг ходимлар томонидан ҳудудларда 200 дан ортиқ профилактик тадбирлар ташкил этилиб, 100 дан зиёд оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этилди.

2018 йилда ўтказилган тадбирлар натижасида, биргина коррупцияни олдини олиш борасида жами 94 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 4 холатда ҳокимият ходимларига нисбатан, 2 та холатда Давлат солиқ ходимларига нисбатан, 3 та холатда банк ходимларига нисбатан ва  83 та холатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса  жами 28 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 1 ҳолатда хокимият, 2 та ҳолатда банк муассасаси ҳамда 25 та ҳолатда бошқа идора ташкилотлар ходимлари томонидан коррупция ҳолати билан боғлиқ жиноятлар аниқланган.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимларда фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефон”лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганилиб, таҳлил этиб борилмоқда.

Тадбирда 27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ журналистлар Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.