МАТБУОТ КОТИБЛАРИ, ЖУРНАЛИСТЛАР ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН СЕМИНАР

Хоразм вилоят маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий – ахборот маркази Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Одам савдоси муаммоси ННТлари ва блогерлар нигоҳида” мавзусида семинар, шунингдек “Сайлов жараёнларида блогерлар фаолияти” ва “Холислик – ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим мезони” мавзуларида семинар ўтказилди.

ССеминарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова, Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий – ахборот маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари С.Маткаримова, ахборот хизмати раҳбарлари, ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этдилар. Семинарда асосий эътибор давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилашга қаратилди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий – ахборот маркази одам савдосини олдини олиш, одам савдосидан жабрланганларга ҳуқукий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият олиб бормоқда. “Долзарб алоқа” алоқа хизмати ташкил қилинган бўлиб, ундан мақсад аҳолига чет элда ноқонуний ишга жойлашиш ҳавфлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги орқали ишга жойлашишнинг қонуний йўллари тўғрисида тармоққа мурожаат қилганларга ахборот бериш йўли билан одам савдоси ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш, қийин вазиятга тўқнаш келган меҳнат мигрантларини ортга қайтариш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат. 2019 йил бошидан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан одам савдосини олдини олиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик Битимлари имзоланган.
-2019 йил январь – сентябрь ойларида ташкилотнинг “Долзарб алоқа” алоқа тармоғига 1335 та қўнғироқлар қабул қилиниб, юрист мутахассислар томонидан 216 та бепул хуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу давр мобайнида 17 та ёзма ариза бўйича 39 фуқарога чет давлатлардан, жумладан, Россия Федерациясидан 8 та, Қозоғистон Республикасидан 27 та, Арманистон Республикасидан 2 та ва Доғистондан 2 та кишига уйларига қайтишида амалий ёрдам кўрсатилди, -дейди марказнинг вилоят бўлими раҳбари Саломат Маткаримова.
Одам савдосини олдини олиш борасидаги фаолиятнинг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунини бажарилишини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари, Оммавий ахборот воситаларини ижтимоий ҳамкорлигини янада яхшилашни давр тақазо қилмоқда.
2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда. Бу жараёнларда ОАВларининг ўрни ва роли кундан кунга ривожланиб бормоқда.
Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, хусусан, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратиб, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

-Бугун интернет тармоғида одамлар орасида асоссиз ваҳима кўтарилиши ва турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган текширилмаган, нохолис ахборотнинг тарқатилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланиши, оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб берилган. Ушбу тадбирда муҳокама қилинган мавзу ҳам ахборот хизмати ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун долзарб саналади, — дейди Агентликнинг вилоят бўлими бошлиғи Дилбаржон Бекчанова.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси билан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат, ҳақорат қилиш ва рақобатчини обрўсизлантирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Тарқатилаётган ахборотнинг нотўғри ва нохолислиги учун жавобгарлик мавжудлиги, ҳар бир мурожаат ортида инсон, қолаверса, эл-юрт тақдири турганлиги ҳақидаги мавзулар доирасида ахборот хизмати ходимлари, блогерлар ва кўп сонли журналистлар, мухбирлар билан бошқарма томонидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилди