МИЛЛИЙ САЙЛОВ КОДЕКСИ

Янги сайлов кодекси миллий қадриятларимиз ва давлатчилик тарихимиз асосида, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ, эркинлиги ва манфаатларини таъминлаш ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди. Ушбу кодекс билан сайлов тартибида бир қатор янги тартиблар жорий қилинди.
Биринчидан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши белгиланди. Буни кодексдаги асосий инновацион янгилик десак хато қилмаган бўламиз. Чунки, бу орқали сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиб, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши назарда тутилган. Бу мамлакатимизда “бир сайловчи –бир овоз” принципини рўёбга чиқишини ва сайловчилар фақатгина бир марта овоз беришини ҳамда сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имконияти таъминлайди.
Иккинчидан, Илгари қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтказилиши учун 135 та ҳудудий сайлов округлари тузилиши ва 15 нафар депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланиши назарда тутилган бўлса, эндиликда Сайлов кодексида 150 та округлар тузилиши белгиланган.
Учунчидан, Олдин сайловлар эрлатаб соат 06:00 дан 20:00 гача ўтказилган бўлса, эндиликда сайлов кодексида овоз бериш соат 08:00 да бошланиши ва 20:00 да овоз бериш ниҳоясига етиши белгилаб қўйилган. Сайловларимиз асосан қиш фаслига тўғри келишини инобатга оладиган бўлсак, бундай киритилган ўзгартириш сайлов жараёнида иштирок этувчилар учун кенг қулайликлар яратилганлигини кўришимиз мумкин.
Тўртинчидан, сайлов кодекси билан кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди, унга кўра, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга бўлди.
Бешинчидан, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблари яъни, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари — телефон, принтер, Интернетга уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимиша кириш имкониятига эга комьпютерлар, сейф, канцелярия товарлари бўлиши кераклиги белгиланди.
Бундан ташқари кодекснинг 5-боби сайлов бюллетени деб номланиб, унда сайлов бюллетени мазмуни, уни тайёрлаш ва етказиб бериш тартиблари белгиланган.
Президент сайлови, Олий Мажлисга сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва Марказий сайлов комиссиясининг раcмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.
Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.

Расулбек ИБРАГИМОВ

Янгиариқ туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси