ЕЧИЛМАЁТГАН «ШАПКА»

Мамлакатимизда автомашиналарнинг эркин савдоси учун барча имкониятлар яратилгани, ноқонуний олди-сотди билан шуғулланишнинг оқибати бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Афсуски, ҳали ҳам айримлар белгиланган талабларга бўйсунмасдан, ноқонуний фао­лият билан шуғулланган ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бош­қармаси ҳамда Янгиариқ тумани бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ана шундай фирибгарликка чек қўйилди.

Урганч тумани Юқоридўрмон қишлоғида яшовчи Саида Эшчонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) департаментнинг Хоразм вилояти бошқармасига мурожаат қилиб, Урганч шаҳрида яшовчи Ботир Раҳматов Тошкент шаҳридаги «Ўзавтосаноат» ОАЖга қарашли автосалонлардаги танишлари орқали автомобил сотиб олиш учун шартнома олиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари сўраганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тадбирда Урганч шаҳар Проектная кўчасида Ботир Раҳматов автосалондаги танишлари орқали автомашина шартномасини тез орада олиб бериш эвазига Саида Эшчоновадан 300 АҚШ долларини олган вақтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ботир Раҳматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Эргаш МАШАРИПОВ,

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи