МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЖУРНАЛИСТЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги 2019” доирасида “Меҳнат ҳуқуқлари бўйича мулоқот олиб бориш” мавзусида журналистлар ва блогерлар учун семинар-тренинг ўтказилди.

Тренингда асосий эътибор журналистлар ва блогерларнинг меҳнат ҳуқуқлари мавзусини ёритиш бўйича фаоллиги ҳамда ушбу масала юзасидан аҳоли хабардорлигини янада оширишга қаратилган.
Тадбирни  “Тараққиёт стратегияси” маркази муассислигидаги “Ўзбекистон стратегияси” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп  кириш сўзи билан очиб берди.

-Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ эканини, халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, давлат раҳбари ўз маърузасида бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонганини, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этаётганини эътироф этиб, бу борада аниқ мисолларни келтириб ўтди ва жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига эътибор қаратди, — дейди  Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп.
Тренингда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ танқидий чиқишлар, очиқ баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлиги натижасида мазкур ташкилотнинг 17 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси ратификация қилинди. ХМТ экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик учун мустаҳкам қонунчилик базасини шакллантириш имконини берди.
Семинар-тренингда меҳнат ҳуқуқларини ёритиш масаласида ўз касбий салоҳиятини янада ошириш ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича янги кўникмаларни ўзлаштириш истагида бўлган республика миқёсидаги ОАВда фаолият олиб борувчи 20 нафардан ортиқ журналистлар ва блогерларга Қобил Хидиров, (dаvletov.uz), Муҳримхон Аъзамхўжаев, Навбаҳор Имомова (“Америка овози” радиоси), daryo.uz сайти вакиллари интерактив усулларда машғулотлар ўтказишди.
Уларда журналист суриштируви, фуқаролик жамияти ва ташаббус гуруҳларидан манбалар сифатида фойдаланиш, ахлоқ тамойиллари ва журналист хавфсизлиги, меҳнат ҳуқуқлари мавзуларида қизиқарли маърузалар тайёрланди ва гуруҳларга бўлиниб ишланди. Шунингдек, семинар иштирокчиларининг салоҳиятни ошириш учун эҳтиёжларни аниқлаш бўйича ақлий ҳужум усулларидан самарали фойдаланилди.