ВАЛЮТАФУРУШЛАР ФАОЛИЯТИ ФОШ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда валюта бозорини эркинлаштириш борасида изчил чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса албатта иқтисодиётимизнинг барқарорлашувига, инфиляция даражасининг пасайишига, инвестиция жараёнига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ўз навбатида ички валюта бозорининг эркинлашуви, товарлар экспорт-импорти, валюта олди-сотдиси, молиявий операциялар ва савдога алоқадор бўлган пул ўтказиш тушумларининг эркинлашувига олиб келади. Шу сабабдан фуқароларимиз бу қонуний имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳам жамият, ҳам давлатга манфаат келтириш билан ўзларининг қонуний даромадига эга бўлмоқдалар.
Халоллик, поклик ҳар қандай ишнинг муваффақиятини таъминлайди. Аммо, орамизда бундай хислатлардан узоқ бўлган кимсалар ҳам йўқ эмас. Аниқроғи, мавжуд қонунларга чап бериб, кўча-кўйда, турли таъқиқланган жойларда, хатто ўз хонадонида хорижий валютани алмаштиришни ўзларига «касб» қилиб олганлар учрамоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан валютага оид жиноятларни аниқлаш, валюта бозорини эркинлаштиришга қаратилган норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш, валюта соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни фош этиш борасида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Урганч шаҳар Туркистон кўчасида яшовчи валютафуруш фуқаронинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ўтказилган тезкор тадбирда Урганчлик фуқаро Хамид Машарипов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ўз хонадонида навбатдаги харидор Сарвар Эргашевдан ҳар бир АҚШ долларини 8320 сўмдан жами 95 миллион 264 минг сўмга сотиб олишга келишиб, ундан 11 минг 450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Тадбир давомида ушбу валютуфурушдан ноқонуний муомалага киритиш учун мўлжалланган жами 700 АҚШ доллари, 133 минг 650 Россия рубли, 545 минг 700 Қозоқ тенгеси ва 64 миллион 812 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жаҳонгир САПАЕВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори

 

M