ЧИППАККА ЧИҚҚАН РЕЖА

Урганч шаҳри 4 даҳада яшовчи фуқаро М.С. Урганч тумани Чолиш шаҳарчасида яшовчи фуқаро A.Э. билан ноқонуний валюта савдоси орқали мўмай даромад топиш режасини тузадилар. Лекин валютачи гуруҳнинг навбатдаги режаси амалга ошмади.
Департаментнинг Янгибозор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу валютафурушлар Янгибозор туманида яшовчи фуқаро О.Э.га жами 7900 АҚШ долларини ҳар бирини 8450 сўмдан сотиб, жами 67 миллион сўм пулларни олаётган вақтда ашёвий даллилар билан ушланди. Тадбир давомида, ҳуқуқбузарлардан жами 7900 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Хорижий валютани қонунга хилоф равишда қўштирноқ ичидаги қора бозорда сотишга одатланишган ушбу ҳуқуқбузарлар ўз нафсининг қурбонига айланишди. Эндиликда бу устамонлар қилмишларига яраша қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонун ҳамма учун баробар. Албатта, ҳар биримиз валюта қимматликларини банк муассасаларида айрибошлаб, уларни банкдан ташқари айланмасига йўл қўймасак, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожини янада мустаҳкамлашга, бу соҳада юзага келиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори