ҲАЁТИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ ЙЎЛИДА

Буюк мақсад йўлида амалга оширилган барча ислоҳотлар, эришилган ютуқларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳуқуқий асос бўлганлигини ўтган давр яққол исботлади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори сифатида ўзини тўлиқ оқлади десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, ҳалқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”,-дея таъкидланганининг ўзи ҳам юкоридаги фикримизга асос бўлади.

Маълумки, демократик ҳуқуқий давлат ўзининг асосий белгиларига эга. Ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлатда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари қонун билан каолатланган бўлиши керак, иккинчидан, давлат органлари ва мансабдор шахслар қонунга итоат этиши лозим, учинчидан эса, шахс эркинлигининг қонун асосида кафолатланиши ва ҳимояланиши узлуксиз равишда амалга ошириб борилиши лозим.

Истиқлолнинг ўтган  йилларда мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар мазмун моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, юкорида биз айтиб ўтган ва таъбир жоиз бўлса, ҳуқуқий демократик давлат мавжуд бўлишининг шарти бўлган ҳар учта тамойилни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида улкан  ишлар амалга оширилганлигини кўриш мумкин.

Халқ билан мулоқот қилиш самарадорлигини кўтариш, уларни давлат идораларига ишончини янада оширишни  кўзлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 11 сентябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  Қонуни қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Президент девонида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда очилди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда. Аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш унинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Маълумки, Ўзбекистон республикаси прокуратура органларига конституцияга мувофиқ қонунларнинг мамлакат ҳудудида аниқ ва бир хилда ижро этилишиин назорат қилиш ваколати юклатилган. Ўзбекистон амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёни прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми, ваколати ва вазифаларига ҳам тегишли бўлди. Бу бежиз эмас, албатта, чунки мамлакат демократик ҳуқуқий давлат тизими, бошқарувни эркинлаштириш ва фуқаролик жамияти тузиш йўлини танлади. Шуларга асосан, прокуратура органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кенг кўламда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларни қўллаб қувватлаш, ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ҳар қандай ҳолатда ўзининг қонун муҳофазасида эканлигини ҳис қилиш муҳитини юзага келтиришга қаратилди.

Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик тантаналари олдидан ташкил этилаётган тадбирлар ва учрашувларда Конституциямиз мазмун-моҳияти аҳолининг барча қатламларига  янада чуқурроқ етказилар экан, ҳар биримиз шу буюк юрт фарзанди сифатида ҳуқуқ ва эркинликларимиз, тинчлигимиз ва саодатманд кунларимиз кафолати бўлган бу муҳим ҳужжат Конституциямизни қадрлашимиз уни  ҳаётда тадбиқ этилишида  барчамиз масъул эканлигимизни унутмайлик! Қонунга асосланган, унга суянган давлатларгина тараққиёт, ривожланиш, барқарорликка юз тутади.

 

Тўлқин ИСКАНДАРОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг

Хоразм вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи